Давлат божхона қўмитаси раиси А.Мавлонов ҳузурида бўлиб ўтган навбатдаги хизмат йиғилишида шахсан раис томонидан бир неча бор огоҳлантиришларга қарамасдан, тизимда ҳанузгача коррупцияга қўл ураётган ходимлар учраётганлиги қаттиқ танқид остига олинди.
Афсуски, ноқонуний фаолият билан шуғулланувчи тадбиркорларга шароит яратган айрим ходимлар “менинг қилмишимни ҳеч ким кўрмаяпти, ҳеч ким билмаяпти” қабилида иш тутишмоқда. Вахоланки, улар божхона органларининг тезкор тузилмалари томонидан 5-6 ой давомида тезкор кузатув остига олинган эди.
Жумладан, Тошкент вилояти божхона бошқармаси “Ойбек” чегара божхона постида жорий йилнинг июнь-сентябрь ойларида олиб борилган тезкор ўрганиш ишлари натижасида олиб чиқилиши тақиқланган товарлар ортилган юк автотранспорт воситаларини ҳужжатларда гўёки бўш ҳолатда дея кўрсатган ҳолда олиб чиқилганлигига доир факт ва далиллар аниқланди.
Йиғилишда ДБҚ раиси мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.
“Ойбек” чегара божхона пости бошлиғи ўринбосари ва 3 нафар ходимлари шу куннинг ўзида божхона органларидан бўшатилди ва тергов органларига топширилди.
Бугун тунги соат 3.30 да “Тошкент-АЭРО” ихтисослаштирилган божхона комлпекси “Тошкент халқаро аэропорти” чегара-божхона постида аниқланган товар-моддий бойликларни ноқонуний олиб киришга уриниш ҳолати ҳам йиғилишда кескин танқид остига олинди.
Натижада, мазкур пост смена бошлиғи ҳам божхона органларидан бўшатилди.
Божхона органлари тезкор тузилмалари томонидан Фарғона вилоятида аниқланган навбатдаги салбий ҳолатда эса товарларни “реэкспорт” қилмасдан, ички ҳудудда олиб қолинишига шароит яратиб берган ходимлар қилмиши танқид қилинди. Мазкур ҳолатга алоқадор “Қўқон” ТИФ божхона постининг 1 нафар ходими божхона органларидан бўшатилди ва ҳолатга алоқадар бир қатор ходимлар интизомий жазога тортилди.
ЎзА