Наманган шаҳри марказида ўзбек халқининг атоқли фарзанди, оташнафас шоир Усмон Носир таваллудининг 110 йиллиги муносабати билан шоир номи билан аталуви хиёбон ва ҳайкал очилди.
Президентимизнинг 2022 йил 10 февралдаги “Оташин шоир, таржимон ва драматург Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ўтказилган тадбирда таниқли ёзувчи шоирлар, адабиёт ихлосмандлари, давлат ташкилотлари раҳбарлари, талаба-ёшлар, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари иштирок этди.
Тадбирда Наманган вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Ғайрат Мажидов, Ўзбекистон Халқ шоири Усмон Азим, филология фанлари доктори Нурбой Жабборов давлатимиз раҳбарининг халқимиз маънавиятини юксалтиришга қаратилган алоҳида эътибори туфайли Усмон Носир сиймосига эҳтиром қўрсатилганини таъкидлади.
[gallery-9554]
Эътироф этиш жоизки, Наманган вилоятида мамлакат раҳбари қарорида белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш борасида бир қатор ишлар қилинди. Вилоят марказидаги эски гузарлардан бирида Усмон Носирнинг онаси Холамбиби билан яшаган хонадон аниқланиб, ушбу маҳаллага Усмон Носир номи берилди. Шунингдек, Наманган шаҳридаги кўчалардан бирига шоир номи берилди. Янгидан қад ростлаган 22-сонли умумтаълим мактабига ёндош алоҳида музей ва кутубхона барпо қилинди.
Шоир-ёзувчилар томонидан Усмон Носир ҳаёти ва ижоди тараннум этилган янги асарлар яратилмоқда. Жойларда, айниқса таълим муассасаларида атоқли шоир ижодини ўрганиш ва тарғиб қилишга бағишланган тадбирлар кенг қамровда давом этмоқда.
Вилоят ҳокимлигининг амалий кўмаги билан шоирнинг жияни Нодира Рашидованинг анча йиллардан бери китобхонларга ҳавола этилмай келинган “Усмон Носир” романи икки жилдлик китоб ҳолида нашрдан чиқарилди. Шунингдек, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси, фахрий журналист Раҳимжон Ирисовнинг “Ўзбекнинг Лермонтови”, “Шеърият дийдасида қотган ёш” китоблари чоп этилди.
Наманган шаҳрининг Ҳуррият кўчасида, Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғи атрофида Усмон Носир хиёбони бунёд қилинди. Шоирнинг ҳайкали ўрнатилди.
Баргдек узилиб кетсам,
Унутмас мени боғим:
Ишимни ҳурмат қилур,
Гуллардан ҳайкал қурур.
Минг йиллардан кейин ҳам
Унутмас мени боғим!
Усмон Носирнинг ушбу сатрларида шоирнинг истеъдод даражаси, сўзга заргарона муносабати, келажакда албатта етолмаган орзулари амалга ошиши ёрқин акс этган. Дарҳақиқат. Биз мустақилликни қадрига етиш, эрк ва озодликнинг миллатимиз шаъни ва обрўсини юксалтиришдаги ўрни нақадар улуғлигини янада ёрқин англашимиз учун ҳам Усмон Носир ижодини кенг ўрганишимиз зарур. Зеро, эрк ва ҳурлик куйчисининг мустаҳкам иродаси, интеллектуаллик қобилияти, бетакрор истеъдоди келгуси авлодларимиз учун ҳам ибрат намунасидир.
Оқилхон Дадабоев,
Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА