Маълумки, кейинги пайтларда айрим тадбиркорлар томонидан бекатларнинг фуқаролар фойдаланиши керак бўлган қисмини ҳам қонунга зид равишда ўзбошимчалик билан ўзлаштириб олиш кўзга ташланмоқда.
Йўловчиларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган бу каби ҳолатлар Кадастр агентлигининг Тошкент шаҳар бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан ўрганилиб, керакли таъсир чоралари кўрилмоқда.
Давлат кадастрлари палатаси Тошкент шаҳар бошқармаси матбуот хизматининг маълумотларига кўра, жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида автобус бекатлари билан боғлиқ энг кўп ҳолат пойтахтимизнинг Юнусобод, Яккасарой, Янгиҳаёт, Сергели ва Мирзо Улуғбек туманларида қайд этилган.
Хусусан, тадбиркор М.Ҳ.га Яккасарой тумани, Шота Руставели кўчаси 26-мактаб ёнида жойлашган бекат ҳудудидан 25 квадрат метр ер майдони берилган. Бекатнинг қолган 25 квадрат метр ер майдони (ҳудуди) фуқаролар томонидан умумий фойдаланиш учун ажратилган.
Бироқ ўрганишлар давомида тадбиркор бекатнинг фуқаролар томонидан умумий фойдаланишда бўлган қисмини ўз манфаатлари йўлида эгаллаб (ўраб олмаган ва қурилма қурмаган ҳолда), дўконга тегишли бўлган турли савдо маҳсулотлари ва бир нечта музлатгич (маиший техника) ўрнатиб қўйганлиги аниқланди. Натижада аксарият йўловчилар автобусни бекат ичида эмас, балки ташқарида кутишга мажбур бўлмоқда. Бу, айниқса ёғингарчилик мавсумида одамларга қўшимча ноқулайлик туғдирмоқда.
Кадастр агентлиги Яккасарой туман бўлими бошлиғи Фаррух Ўрозов тадбиркорга бекат мажмуасида фуқароларнинг умумий фойдаланувида бўлган ҳудудни (ер майдонини) қисқа муддат ичида яроқли ҳолатга келтириб, дўконга тегишли бўлган турли савдо маҳсулотлари, ичимликлар ва маиший техникаларни олиб ташлаш юзасидан оғзаки кўрсатма берди.
Ш.Руставели ва Глинка кўчалари кесишувида жойлашган “Дўстлик боғи бекати” номли бекат мажмуасининг умумий майдони 50 квадрат метр. Ушбу бекат мажмуаси худудида умумий 6 кв.м. бўлган ер майдони (ҳудуд) тадбиркор А.Д.га ажратилган, бироқ тадбиркор томонидан фуқароларнинг умумий фойдаланишида бўлган бекат қисмининг 13 кв.м. ва дўкон ёнида 7 кв.м. ер майдонини ўзбошимчалик билан ўраб қўйгани ва қурилма қурганлиги аниқланган. Ушбу ҳолат юзасидан ҳозирги кунда судга даъво ариза киритилиши режалаштирилган.
Ш.Руставели кўчасида жойлашган “Гранд мир меҳмонхона бекати” (кадастр ҳужжатларида рўйхатдан ўтган манзили ва номи бўйича) мажмуасининг умумий майдони 50 квадрат метрни ташкил қилади. Ушбу бекат мажмуаси ҳудудида умумий 14 кв.м. бўлган ер майдони “REKSON” МЧЖга ажратилганлиги, бироқ тадбиркор фуқароларнинг умумий фойдаланишида бўлган бекат қисмининг 14 кв.м. ва дўкон ёнида 13 кв.м. ер майдонини ўзбошимчалик билан ўраб қўйгани ва қурилма қурганлиги аниқланган. Мазкур ҳолат бўйича бошқарма томонидан судга даъво аризаси киритилган. Якунда МЧЖ зиммасига қурилмани ўз ҳисобидан бузиб ташлашга қарор чиққан.
Таъкидлаш жоизки, жисмоний ва юридик шахслар (тадбиркорлар ва бошқалар) томонидан юқоридаги каби ерга оид хуқуқбузарлик содир этилган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари бўйича маъмурий жазо қўлланилиши назарда тутилган.
Яъни, МЖтКнинг 60-моддаси 2-қисмига асосан, ўзбошимча эгалланган ер майдонлари 15 кунлик муддатда ихтиёрий бартараф этилмаса, жисмоний шахсларга БҲМнинг 25 баравари, юридик шахсларга БҲМнинг 50 баравари миқдорида жарима қўлланилади.
Шу билан бирга, МЖтКнинг 60-моддаси 3-қисмига асосан, ўзбошимча эгалланган ер майдонида қурилиш ишлари амалга оширилган ҳолат юзасидан жисмоний шахсларга БҲМнинг 150 ва юридик шахсларга БҲМнинг 300 баравари миқдорида жарима қўлланилишига сабаб бўлади.
Гулноза Бобоева, ЎзА