Жиззах тоғи, боғи, кўли, чўли бор республикамиздаги ягона вилоятдир. Воҳанинг қулай географик жойлашуви, гўзал табиати, меъморий ёдгорликлари, миллий халқ ўйинлари, урф-одатлари, таомлари нафақат маҳаллий, хорижий туристларни ҳам мафтун этади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 26 апрелдаги “2022-2026 йилларда Жиззах вилояти ҳудудларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори доирасида вилоятда 2022-2026 йилларда туризмни янада ривожлантириш учун алоҳида дастур ишлаб чиқилди.
Мазкур ҳужжатлар ижроси доирасида Зомин, Фориш, Бахмал туманлари ва “Айдар-Арнасой” кўллар тизимида қўшимча туристик зоналар ва дам олиш масканларини барпо этиш бўйича 300 миллион долларлик лойиҳаларни амалга ошириш, 25 мингта янги иш ўрни яратиш белгиланган.
“Зомин” туристик-рекреацион зонаси ҳудудида “Суффа платоси 2400” халқаро умуммавсумий курорти ва “Ўриклисой” туризм мажмуасида узунлиги 2 минг 600 метр бўлган замонавий осма дор йўли, 3 та 3 юлдузли меҳмонхона барпо этилмоқда. Шунингдек, ушбу зона ҳудудида маданий-соғломлаштириш, эко-парк, спорт майдончалари ва бошқа туризм объектлари ташкил этилиши назарда тутилган. “Айдар-Арнасой” кўллар тизимида пляж туризмини ривожлантиришга қаратилган туристик-рекреацион зонасини ташкил этиш белгиланган.Юқоридаги режаларнинг амалга оширилиши натижасида жойлаштириш воситалари сонини 2022-2026 йилларда 347 тага, улардаги хоналар сонини 3 минг 338 тага ва ўринлар сонини 8 минг 774 тага етказилиши белгиланган.
Вилоятнинг Зомин туманида “Дуоба”, Фориш туманида “Ухум”, “Сайёд”, “Дўстлик” ва “Учқулоч”, Арнасой туманида “Зарафшон” ва “Бахтли” маҳаллалари ҳудудида туризмни ривожлантириш “Йўл харита”лари ишлаб чиқилди. Ушбу маҳаллаларда инфратузилмани ривожлантириш бўйича республика бюджетидан 12 миллиард 900 миллион сўм маблағ йўналтириладиган манзилли дастур тасдиқланди.
Дастур доирасида вилоятдаги энг катта муаммо – Айдар-Арнасой кўллари тизими ҳамда Бахмал тумани ҳудудидаги сайёҳлик жойларига олиб борувчи йўллар таъмири ва электр таъминоти киритилган. Ушбу дастурга асосан 11 миллиард 500 миллион сўм маблағ ҳисобига 65 километрлик йўллар таъмирланади. Айни пайтгача 710 миллион сўм маблағ ҳисобига 15 километр электр энергия тармоғи қурилди ва 3 та янги трансформатор ўрнатилди. 710 миллион сўм маблағ ҳисобига 3,5 километр пиёдалар ва велосипед йўлакчалари қурилди. Шунингдек, 199 та жойлаштириш воситалари, шу жумладан 13 та “хостел”, 40 та “кемпинг”, 103 та оилавий меҳмон уйлари, 20 та ўтов ва 23 та чодирли уйлар барпо этилмоқда. Мазкур “Йўл харита”ларига киритилган лойиҳалар асосида 300 тадан ортиқ янги иш ўрни яратилиши ва 1 миллион 500 минг нафардан ортиқ сайёҳ ва зиёратчилар ташрифини ташкил этилиши белгиланган.
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 30-31 март кунлари вилоятимизга ташрифи чоғидаги Жиззахда экотуризм ва агротуризм соҳаларига алоҳида эътибор қаратиш, бунда ўрмон хўжаликлари балансидан ушбу туризм объектларини ташкил қилишга ер ажратиш, уларга олиб борувчи янги ички йўлларни қуриш ҳамда мавжудларини таъмирлаш бўйича топшириқлари асосида Бахмал ўрмон хўжалиги ҳудудида 100 гектар боғлар ташкил қилинди. Мазкур туризм объектларига олиб борувчи 5 километрлик ички йўллар янги қурилди, 3 километр мавжуд йўллар таъмирланди, 3 километр электр тармоқлари тортилди.
Бундан ташқари, Бахмал туманидаги “Ўрмончи” қишлоғи “экотуризм қишлоғи”га айлантирилди. Бу ерда “Wi Fi” зоналар ташкил қилиниб, бир вақтнинг ўзида 1 минг 500 нафар сайёҳни сиғдираоладиган 268 та жойлаштириш воситалари: “кемпинг”, оилавий меҳмон уйлари ва “хостел”лар яратилди. Сайёҳларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида ахборот ресрурс маркази, номозхона ва ошхоналар ташкил этилди.
Вилоятда ички туризмни ривожлантириш ва сайёҳларга қулайликлар яратиш мақсадида “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” тамойили асосидаги саёҳат йўналиши ишлаб чиқилган. Ушбу саёҳат йўналишида 100 та зиёрат ва тарихий объектлар, 1 та маданий кўнгилочар эко-парк, 5 та тоғли ва ўрмон хўжалиги, 45 та гастрономик эко-агротуризм объекти, 677 та ҳунармандчилик устахонаси ва бошқа туризм объектлари мавжуд.
Вилоятга жорий йилнинг ўтган даврида 2019 йилга нисбатан 15 баробар кўп, яъни 1 миллион 406 минг нафар, шу жумладан 7 минг 800 нафар (бу – 2017 йилга нисбатан 3 баробар кўп) хорижий ва 1 миллион 398 минг нафар (2017 йилга нисбатан 40 баробар кўп) маҳаллий сайёҳлар келганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Хорижий сайёҳларнинг асосий қисмини Франция, Германия, Италия, Буюк Британия, Туркия, Хитой, Жанубий Корея, Исроил, АҚШ, Ҳиндистон мамлакатлари фуқаролари ташкил этмоқда.
Шу ўринда, йилига 5 минг нафардан ортиқ хорижий сайёҳлар асосан ўтмиши узоқ йилларга бориб тақаладиган “Хонбанди” шаршараси, “Нурота” давлат қўриқхонасидаги ўзига хос ҳайвонот ва ўсимлик дунёси, қўриқхона атрофидаги тарихий обидалардан энг аҳамиятга моликлари Фориш туманидаги “Тикчасой”, “Асрафсой”, “Андегенсой”, “Мажрумсой”, “Ҳаятсой”даги петроглифлар, “Мажрум”, “Ўхум” қишлоқларидаги қўрғонлар қолдиқлари ҳамда “Мажрум” қишлоғидаги танасининг диаметри тахминан 24 метр, баландлиги 20 метр, кавагига 4-5 одам сиғадиган неча минг йиллик шарқий сарв (арча) дарахтини томоша қилиш учун атайин келишаётганларини алоҳида қайд этиш лозим.
Маълумот учун, ушбу сарв (арча) дарахти – дунёнинг энг йирик игна баргли дарахтларидан биридир. “Нурота” давлат қўриқхонаси ҳудудидаги қадимий масжид харобалари олдида жойлашган улкан арча дарахти ўзининг гўзаллиги билан ном қозонган. Мазкур табиат мўъжизасини ўз кўзи билан кўргани келаётган маҳаллий ва хорижий сайёҳлар оқими кун сайин кўпаймоқда. Арчанинг ёши ҳозиргача аниқланмаган. Маҳаллий аҳолининг айтишича, арчанинг ерга қадалганига тахминан 2,5-3 минг йил бўлган.
Ривоятларга кўра, Александр Македонский юқори мартабали саркардаларини дафн қилганидан сўнг ушбу савр арчасини экиш одати бўлган экан. Шу боис бу арчани Александр Македонский эккан дейишади. Илгари дарахт танасидаги ковак девор билан ўралган ва қишлоқ болалари учун мактаб вазифасини ўтаганлиги айтилади.
Шунингдек, Форишнинг Айдар-Арнасой кўллар тизими ҳудудида жойлашган “Oxus Adventure” дам олиш масканида 10 та фин услубидаги уй, 10 та аунтентик юрталар мавжуд бўлиб, бир вақтнинг ўзида 100 га яқин сайёҳларни жойлаштира олади.
Бу ерда республикамизнинг энг йирик сув ҳавзаларидан бири, ўзининг табиати, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси билан ўзига хос хусусиятга эга Айдар-Арнасой кўлларининг очиқ майдонларини бемалол томоша қилиш мумкин. Шунингдек, туяда сайр қилиш, туя сути билан даволаш, белгиланган ҳудудда балиқ овлаш ҳамда маторли қайиқда сайр қилиш хизматлари йўлга қўйилган.
Айни пайтда, сайёҳларга қулай шароит яратиш мақсадида вилоятда жойлаштириш воситалари сони 226 тага етказилди. Шу жумладан, 31 та меҳмонхона, 142 та оилавий меҳмон уйи, 20 та санатория ва соғломлаштириш маскани, 20 та “кемпинг” мажмуаси, 13 та “хостел” фаолияти йўлга қуйилган ва улардаги хоналар сони 2 минг 267 та, ўринлар сони 6 минг 223 тани ташкил этмоқда.
2026 йилга бориб хорижий сайёҳлар сонини 14 минг нафарга, маҳаллий сайёҳлар сонини 1 миллион 500 минг нафарга етказиш белгиланган.
Соҳада бартараф этилиши лозим бўлган муаммолар ҳали етарли. Вазирлар Маҳкамасининг юқорида номи зикр этилган жорий йил 26 апрелдаги 213-сонли қарори ҳамда 2022-2026 йиллар давомида туризмни янада ривожлантириш учун ишлаб чиқилган дастурда юклатилган вазифалар ижросини таъминлаш, олдимиздаги энг долзарб масалалардан бири бўлиб, уларни бекаму-кўст адо этиш билан туризм соҳасини вилоят иқтисодиётининг асосий драйверига айланишига ишончим комил.
Ушбу тизимли ишларимиз ўз навбатида мамлакатимиз иқтисодиётининг юксалиши, валюта тушумларини кўпайиши, Янги Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлигини ошириши баробарида, янги иш ўринлари яратиш, аҳолининг даромадлари ва турмуш даражасини яхшилашда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Синдор Раҳмонқулов,
Жиззах вилоят ҳокимининг ўринбосари,
вилоят туризм ва маданий мерос
бош бошқармаси бошлиғи
ЎзА