Юртимиздаги маданий мерос объектлари, тарихий обида ва ёдгорликларни кўз қорачиғидай асраб-авайлаш, ўз ҳолича сақлаб, келажак авлодларга етказиш бурчимиздир.
Аммо тарихий обидаларнинг ноёб қисмлари, кошинларини мўмай пул эвазига ўғирлаб, сотиб юбораётган нафс қуллари ҳам йўқ эмас. Афсуски, бу каби воқеалар ҳаётимизда учраб туради.
Шу йилнинг 27-30 октябрь кунлари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қодир Жўраев 31-Вобкент сайлов округида бўлиб, аҳоли билан қатор учрашувлар ўтказиб қайтган эди. Юзма-юз мулоқотлар давомида сайловчилар Вобкент туманидаги «Хайробод» МФЙ ҳудудида жойлашган Чашмаи Айюб мақбараси пештоқидан бир вақтлар ўғирлаб кетилган ва кейинчалик чет элдан Ватанимизга қайтарилган кошинни ўз жойига қўйиш лозимлигини айтди.
— Тарихий обидалар халқимизнинг муҳим бойлиги саналади, — дейди депутат Қ.Жўраев. — Вобкентдаги учрашувлар давомида аҳоли вакиллари ҳудуддаги маданий мерос объекти — Чашмаи Айюб мақбарасини муҳофаза қилиш бўйича фикр ва таклифларини билдирди. Сайловчиларнинг фикрича, мақбара пештоқидан бир вақтлар ўғирлаб кетилган кошин Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в.га тегишли ҳадиси шарифнинг муҳим бўлаги ҳисобланади ва унинг ўз жойига қайтарилиши муқаддас битикнинг яхлитлигини тиклайди.
Дарҳақиқат, Вобкентдаги Чашмаи Айюб мақбараси мамлакатимизда рўйхатга олинган 8 минг 210 та моддий маданий мерос объектларидан бири ҳисобланади. Мақбара ХIII асрга оид меъморий обида бўлиб, асрлар давомида қанчадан-қанча талотўпларни бошидан кечирган. Айниқса, мустабид Шўро даврида буткул унутилиб, қаровсиз қолдирилганлиги сабабли жуда аянчли аҳволга келиб қолган. Ҳозирда ёдгорликнинг фақат портал қисми ҳамда унга туташ деворнинг бир бўлаги бизгача етиб келган, холос.

Чашмаи Айюб мақбараси ўз меъморий ечимига кўра, уникал кўринишга эга. У юксак маҳорат ва дид билан барпо этилган. Мақбара ўзидан кейинги давр меъморчилиги ривожи учун, хусусан, Темурийлар даврида барпо этилган маҳобатли обидалар учун прототип вазифасини ўтаган.
Афсуски, 2011 йилда ушбу ёдгорлик пештоқидаги арабча ёзувнинг бир парчаси нопок кимсалар томонидан ўғирланиб, чет элга сотилган ва фақат 2017 йилдагина мамлакатимизга қайтарилган эди. Унда ўғирланган кошин Германия орқали Буюк Британиянинг “MyFair” галереясида сотувга қўйилгани, кошинни мутахассислар таниб қолиб, бу ҳақда жамоатчиликка хабар бергани, шундан сўнг кошин Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси ҳамда Британия музейининг амалий ҳамкорлиги туфайли Ватанимизга қайтарилгани, ўғрилар ушланиб, одил судловга тортилгани ва қилмишига яраша жазо олган.
Ватанимизга қайтарилган «жаҳонгашта» кошин ўшанда вақтинчалик сақлаш учун Ўзбекистон давлат санъат музейига топширилган ва тез орада ўз жойига, яъни Чашмаи Айюб мақбарасига қайтарилиши маълум қилинган эди. Бироқ орадан 5 йил ўтса ҳамки, кошин ҳали-ҳануз ўз жойига қайтарилмаган.
Вобкентлик сайловчиларимизнинг мурожаатидан келиб чиққан ҳолда муқаддас кошинни ўз жойига қайтариш, шунингдек, Чашмаи Айюб ёдгорлигининг техник ҳолатини чуқур ўрганиш асосида уни реставрация ва консервация қилишнинг алоҳида режасини ишлаб чиқиш бўйича мутасадди идораларга депутатлик сўровини юбордик, — дейди халқ вакили.
Маълумотларга кўра, Чашмаи Айюб пештоқидаги ҳадиси шарифда араб ёзувида «Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: Авваллари сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. Бас, энди уларни зиёрат қилаверинглар». Бу иморат ҳижрий олти юз бешинчи йили қад ростлаган», битиги ёзилган эди.
Мазкур битикдаги «605» рақами ёзилган кошин бўлаги ўғирлаб кетилган. Ҳақиқатан ҳам кошин бўлагининг қайтарилиши битикнинг яхлитлигини таъминлайди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА