Сўнгги йилларда мамлакатимизда кенг бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Ҳар йили минглаб уй-жойлар барпо этилмоқда. Уларни кўриб кўз қувонади. Аммо, уй-жойларни бунёд этишда баъзан қурилиш меъёрларини қўпол равишда бузиш, сифатсиз қурилиш материалларидан фойдаланиш, шошқалоқлик ҳолатлари ҳам учраб туради.
Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳри “Ифтихор” маҳалласида кўп қаватли тураржой бинолари қурилиши режалаштирилган. Бугунги кунда барча объектларда қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилмоқда. Мазкур массивлар қурилиши натижасида минглаб юртдошларимиз уй-жойга эга бўлади.
– Ўтган йил давлатимиз раҳбари Чирчиқ шаҳрига ташрифларида “Ифтихор” маҳалласидаги 50 гектар ер майдонига “Янги Ўзбекистон” массивларини бунёд этиш бўйича кўрсатма берди, – дейди Чирчиқ шаҳар қурилиш саноат транспорти бўйича доимий комиссия раиси Алишер Абдуллаев. – Жорий йилда 2 мингга яқин хонадонлар ўз эгаларига топширилади.
Хўш, мазкур массивларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари қай даражада қурилиш мезонларига жавоб беради?
Қурилиш жараёнида сифатсиз бажарилган ишларнинг гувоҳи бўлдик. Остонадаги кафелларнинг ҳали уйлар битмасдан яроқсиз аҳволга келган. Хонадонлар ичидаги қўл учида қилинган ишларни кўриб, ҳайрон қоласиз. Бу уйлар янги эмас, таъмирталаб эски уйларга ўхшайди. Пала-партиш жойлаштирилган кафеллар, электр жиҳозларини ўрнатишдаги камчиликлар жуда кўп. Ҳолбуки бу уйлар йил якунига қадар фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/e-EqOWUlPWE" title="“Янги Ўзбекистон” массивларда амалга оширилаётган ишлар талабга жавоб берадими?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>Массивдаги исталган қурилиш объекти ёки фойдаланиш учун топширилаётган уйларда камчиликлар талайгина. Аммо бу камчиликларни аниқлаш ва бартараф этиш учун кўрсатма берувчи техник назоратчилар етишмайди.
– Битта қурилиш назоратчиси 7 та объектда назорат ишларини олиб бориши мумкин, – дейди Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси мутахассиси Шерзод Худойберганов. –Техник назоратчининг камлиги туфайли, барча қурилиш объектларини умумий қоплаб олишга имкониятимиз етишмайди. Бинолар атрофининг қовланган қатламларини қайта кўмиш ишлари етарли даражада бажарилмаган. Қурилиш чиқиндилари билан тўлдириб юборилган ҳолатларни кузатдик. Битган уйларни кўриб чиқдик. Ошхоналар, санузел хоналарининг айрим жойларида ишлар сифатсиз бажарилган.
Хонадонлар ичидаги деворлар юпқалигига масъул қуйидагича изоҳ берди.
– Бу деворлар пардеворлардан қилинган, – дейди Тошкент вилояти қурилиш назорат инспекцияси бошлиғи Отабек Тиллахўжаев. – Майдондан ютиш мақсадида бу девордан фойдаланилган. Яъни, пардевор билан ерни 7 сантиметргача иқтисод қилишимиз мумкин. Ташқари деворлари монолит, устидан иссиқлик қопламаси қопланган. Яъни, бунда энергия тежамкор қурилиш материалларидан фойдаланилган. Қиш мавсумида хона бир исиб олса, шу иссиқликни ўзида ушлаб туради. Ёз мавсумида хоналардаги салқин ҳаво сақланиб туради. Массивлардаги бир хонали уйлар 25 квадрат метрни ташкил этади.
Қурилиш жараёнини кузатар эканмиз, хоналарнинг ҳажми жуда кичик эканлигига гувоҳ бўлдик. Бир хонали уй 25 квадрат, икки хоналиси 38 квадрат, 3 хонали уй эса 50 квадрат метрни ташкил этади. Бунга масъул куйдагича изоҳ берди.
– Бу хонадонлар субсидия асосида аҳолига берилмоқда, – дейди Отабек Тиллахўжаев. – Субсидияда белгиланган тариф стафкаси бор. Ўша тариф ставкадан ошмайди. Тўғри, хонадонлар ҳажми кичкина. Бошланғич тўловига қийналиб турган ёш оилалар учун бу уй қулай. Уйнинг ҳажми кичкина бўлса, уйнинг нархи ҳам арзон бўлади. Ҳозирги ойлик иш ҳақини ҳам инобатга олиб, уй-жой қурилган. Шу ўринда, айтиш жоиз, мазкур массивда мактаб, мактабгача таълим муассасаси, оилавий поликлиника қурилмоқда. Бугунги кунда “Янги Ўзбекистон” массиви қурилиши 3 та босқичда амалга оширилмоқда. Хусусан, “Қишлоққурилишлойиҳа” МЧЖ томонидан ишлаб чиқилган бош режага кўра, биринчи босқичда жорий йилда 1 минг 140 та хонадонли 15 та кўп қаватли уй-жойлар қурилади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА