Эртага, 29 сентябрь куни Хитойнинг Ченгду шаҳрида жамоалар ўртасидаги Жаҳон чемпионати баҳслари бошланади.
Бугун дунёнинг юзга яқин мамлакат терма жамоалари қатнашаётган мазкур жаҳон чемпионатига қуръа ташлаш маросими ташкил этилди.
Ўзбекистон стол тенниси федерацияси маълумотига кўра, мамлакатимизнинг ўғил болалар жамоаси Германия, Франция, Ҳиндистон, Қозоғистон жамоалари билан 2-гуруҳдан жой олишди.
Мамлакатимиз қизлар терма жамоаси эса Япония, Венгрия, Польша, Словакия жамоалари билан бир гуруҳда курашиши маълум бўлди.
Ўғил болалар жамоаси Абдулазиз Анорбоев, Шоҳрух Искандаров, Зоҳид Кенжаев, Элмурод Холиқовдан ташкил топган бўлса, қизлар жамоамиз Асел Эркебаева, Розалина Ходжаева, Суғдиёна Мадалиева ва Марҳабо Магдиевадан иборат.
Иккала жамоамизнинг гуруҳдаги рақиблари кучли, жаҳон чемпионатида кучсиз жамоанинг ўзи бўлмайди. Энг кучли терма жамоалар саналган Япония, Германия ва Франциялик рақибларга қарши ҳаракатланиш келажакда юртимиз теннисининг ўсишига ва бевосита спортчиларимизнинг савияси ортишига ижобий таъсир кўрсатиши шубҳасиз.
— Қуръа биз учун кутилмаган мураккабликларни туҳфа этганлиги бор гап. Айниқса, қизлар терма жамоамизнинг кучли рақиблар билан бир гуруҳдан жой олиши ўйинларнинг шиддатидан далолат бермоқда. Бу — Жаҳон чемпионати. Ҳеч кимдан чўчийдиган жойимиз йўқ. Ҳозирда астойдил тайёргарлик кўряпмиз. Кунига икки маҳал машғулот ўтказмоқдамиз. Спортчиларимиз баҳсларга ҳам жисмонан, ҳам руҳан тайёр. Мақсадлар белгиланган. Муносиб ва сифатли ўйин кўрсатишга ҳаракат қиламиз, — дейди терма жамоа мураббийи Анвар Каримов.
Айтиш жоиз, мазкур Жаҳон чемпионатида ўғил болалар жамоалари 7 та гуруҳга, аёллар жамоалари 6 та гуруҳга бўлинган ҳолда баҳслашади.
Чемпионатнинг асосий баҳсларига жамоалар 30 сентябрдан киришишади. Мусобақалар 2 босқичда ўтказилади. Гуруҳ босқичи айлана ва кейин нокаут тизими бўйича ташкил этилади. Жамоаларнинг учрашувлари 5 та ўйиндан иборат бўлиб, ҳар бир индивидуал ўйин 5 сетни ташкил этади.
Эркаклар ва аёллар ўртасидаги беллашувлар натижасига кўра, 16 та жамоа плей-оффга йўл олади.
Жаҳон биринчилигининг қизлар ва ўғил болалар ўртасидаги финал баҳслари 8- 9 октябрь кунлари бўлиб ўтади.
Ғолиб жамоалар олтин медаллар билан "Swaythling" ва "Marcel Corbillon" эсдалик кубоклари, иккинчи ўрин соҳиблари кумуш медаллар ва мағлуб ярим финалчилар бронза медаллари билан тақдирланади.
Эслатиб ўтамиз, cтоль тенниси бўйича ўтадиган мазкур Жаҳон чемпионати финал ўйини 120 тадан ортиқ мамлакатларнинг телеканаллари орқали намойиш этилади.
Т. Рўзиев, ЎзА