Мутахассисларнинг фикрича, Ўзбекистонда эшитиш қобилияти заиф одамларнинг муаммоларини комплекс ҳал этиш билан шуғулланадиган ягона мувофиқлаштирувчи марказ йўқ. Эшитиш, гапириш қобилияти чекланган одамларнинг энг долзарб муаммоларидан бири давлат хизматларига борганда уларни тушунадиган сурдотаржима хизмати йўқлигидир.
Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, Тошкент шаҳар “Mehr ko‘zda” маркази ва АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг Ўзбекистонда ҳуқуқий ислоҳотлар дастури ҳамкорлигида “Тошкент шаҳрида ижтимоий инновациялар асосида нутқ ва эшитиш қобилияти чекланган шахсларга юридик хизмат кўрсатиш ижтимоий лойиҳаси натижалари” мавзусида давра суҳбатида шу каби муаммолар муҳокама этилди.
Давра суҳбатидан мақсад юридик хизмат кўрсатишда нутқ ва эшитиш қобилияти чекланган шахсларнинг мурожаатларини таҳлил қилиш орқали уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасини тартибга солувчи амалдаги қонун ҳужжатларини ўрганиш ҳамда амалдаги қонунчиликка ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.
Мазкур лойиҳани амалга оширишда Тошкент шаҳрида нутқ ва эшитиш қобилияти чекланган шахсларнинг алимент, оила, мерос, уй-жой, субсидияга уй-жой ажратиш ва уй-жой низолари, моддий ёрдам ва ишга жойлашиш каби масалаларда ҳуқуқий хизмат кўрсатишга бўлган талаб ва эҳтиёжлари юқори эканлиги аниқланган.
– Тадбирда нутқ ва эшитиш қобилияти чекланган шахсларга кўрсатиладиган юридик ёрдам масалаларини муҳокама қилдик, – дейди Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Фозилжон Отахонов. – Жаҳонда 1 миллиарддан ортиқ ногиронлиги бўлган шахслар бор. Бу жаҳон аҳолисининг қарийб 15 фоизини ташкил қилади. Ўзбекистонда ҳам 1 миллиондан ортиқ ногиронлиги бўлган шахслар бор. Кар, соқов одам қайсидир давлат ташкилотига ўзининг муаммосини ҳал қилиш учун борадиган бўлса, давлат ташкилотининг раҳбари уни тушунмайди. Ким унга ёрдам бериши керак? У одам ёнига сурдотаржимон олиб бориши керак. Бизда алоҳида сурдотаржимон тайёрлайдиган олий ўқув юрти ёки махсус ўқув курслари йўқ. Бугунги кунда фақатгина “Mehr ko‘zda” маркази 60 нафар сурдотаржимонни тайёрлади. Улар ёрдамида нутқ ва эшитиш қобилияти чекланган фуқароларга қатор ёрдамлар кўрсатилмоқда. Бугунги кунда конституциявий қонун лойиҳасидаги 45-моддага қўшимча киритиляпти. Унда ногиронларга барча соҳада шароитлар яратиб бериш масаласи назарда тутилмоқда.
Ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларида нутқ ва эшитиш қобилияти чекланган шахсларга шароит яратиш қонунчиликдаги энг долзарб масала ҳисобланади. Шу сабабли, Давлат хизматлари марказларида сурдотаржима хизмати ташкил этилди. Унда мамлакатимиздаги сўнгги ҳуқуқий маълумотларни ўз вақтида етказиш, ҳафта давомида иш вақти режимида онлайн ва офлайн тарзда бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилди.
Давра суҳбатида бундан ташқари, давлат органлари масъул ходимлари ва вазирлик, идоралар мутахассислари томонидан нутқ ва эшитишда нуқсони бўлган фуқароларнинг моддий таъминот олиш кафолатлари, уларни иш билан таъминлаш, ҳуқуқий маълумотларни замонавий инновациялар орқали етказиш, одил судлов тизимига кириб бориш имкониятларини сезиларли даражада кенгайтириш масалалари хусусида ҳам батафсил маълумотлар бериб ўтилди.
Давра суҳбати якунида тегишли тавсиялар ишлаб чиқилиб, уларни мутасадди давлат ва нодавлат ташкилотларига тақдим этиш ҳақида келишиб олинди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/w60fbQsJ84w" title="Нутқ ва эшитиш қобилияти чекланган инсонлар муаммоси: “Кимдир бизни эшитадими?”" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА