Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг йигирма иккинчи саммити арафасида Самарқанд вилоят ҳокимлиги томонидан “Маънавият” нашриётида шу номдаги китоб-альбом чоп этилди.
“Самарқандга бежиз “Ер юзининг сайқали”, дея таъриф берилмаган. Негаки, бу замин инсоният цивилизациясида муҳим роль ўйнаган, тарих саҳифаларида номи зарҳал ҳарфлар билан ёзилган ва ўчмас из қолдирган. Самарқанд- илм-фан, маданият ва санъат бешиги, улуғворлик, тараққиёт ва юксалиш тимсоли...”
Китоб шундай сатрлар билан бошланади ва унда Самарқанднинг пайдо бўлиш тарихидан бошлаб дунё тамаддунига юз тутиши ва бугунги кунигача бўлган давр маълумот ва фотосуратлар асосида ёритиб берилган.
Шунингдек, унда Самарқанд вилояти ҳудудидаги ноёб моддий-маданий мерос объектлари, осори-атиқалар, халқимизнинг ўзига хос маданияти, анъана ва қадриятлари, миллий ҳунармандчилиги, байрам ва фестиваллари ҳақида маълумотлар келтирилган.
Вилоятнинг иқтисодий имкониятлари, туристик салоҳияти, саноат, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт, таълим ва бошқа соҳаларга оид қимматли маълумотлар ва суратлар китобхонни бефарқ қолдирмайди.
– Самарқанд ҳақидаги бундай китоб-альбом бундан 15 йил аввал – 2007 йилда Самарқанд шаҳрининг 2750 йиллиги муносабати билан тайёрланган эди, – дейди ушбу китоб-альбом ишчи гуруҳи аъзоси М.Ибодуллаев. – Лекин унда ҳам кўпроқ шаҳар ҳақида маълумотлар келтирилган. Мазкур китоб-альбомда эса вилоятнинг тарихи, маданияти, иқтисодиёти ва бошқа соҳаларига оид энг сўнгги маълумотлар киритилган. Албатта, кейинги йилларда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари туфайли яратилган янги объектлар, саноат корхоналари тўғрисидаги маълумот ва суратлар ўрин олган. Шунингдек, вилоятнинг ўзига хос гўзал табиати акс этган бетакрор суратлар борки, улар кишига ўзгача завқ бериб, ҳайрат ва ҳавас уйғотади.
Китоб-альбом матни ўзбек, рус ва инглиз тилларида ёзилган.
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА