Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги мухбири Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳамид Наййирободий билан 2022 йил 15-16 сентябрь кунлари Эрон Президентининг Ўзбекистонга расмий ташрифи ва бу мамлакатнинг Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитидаги иштироки юзасидан суҳбатлашди.
— Маълумки, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Эрон давлатлари муносабати илиқлашиб, ҳар томонлама ҳамкорлик ривожланиб бормоқда. Айниқса, Эрон Президенти бошчилигидаги йирик делегациянинг йигирма йиллик танаффусдан кейин Ўзбекистонга расмий ташриф билан келиши жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотмоқда. Ушбу ташрифдан қандай мақсадлар кўзланган?
— Сўнгги йилларда дўст, биродар давлатлар – Эрон Ислом Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги муносабат барча соҳалар, турли йўналишларда ривожланмоқда. Икки давлат олий раҳбарияти турли даражада самарали учрашувлар ўтказди. Ўзаро алоқа, ҳатто, коронавирус пандемияси даврида ҳам узилиб қолмасдан, мутасаддилар, мутахассисларнинг телефон орқали мулоқоти ёки видеоконференция кўринишида давом этди.
Муносабат давлатлар ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувлар ҳамда ташқи ишлар вазирларининг Тошкентдаги учрашуви билан бойитилиб, турли соҳалардаги алоқалар жонланиши учун кенг йўл очилди.
Эрон ва Ўзбекистон ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувнинг олтинчи давраси олти йиллик танаффусдан кейин Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосарининг Теҳронга ташрифи доирасида бўлиб ўтди. Бундан буён икки давлат ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувни ҳар йили мунтазам ўтказиб бориш режалаштирилмоқда.
Икки давлат ташқи ишлар вазирлари ўн йиллик танаффусдан кейин Тошкентда музокара олиб борди. Бу учрашув ҳам ўзаро муносабатимиз кўпгина соҳаларда янада ривожланиши йўлида дебоча бўлиб хизмат қилди.
2022 йил 20-21 февраль кунлари Теҳрон шаҳрида Эрон Ислом Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг ўн тўртинчи мажлиси бўлиб ўтди. Анжумада мамлакатимиздан олтмиш кишилик юқори даражали делегация иштирок этди. Бу икки давлат муносабати тарихида Эронга ташриф буюрган энг йирик Ўзбекистон делегацияси бўлди.
Мазкур ташриф давомида вакилларимиз Эрон раҳбарияти, жумладан, Президент, Президентнинг иқтисодий масалалар, фан ва технологиялар бўйича ўринбосарлари, саноат, кон ва савдо, қишлоқ хўжалиги вазирлари ва бошқа масъуллар билан учрашди, Эрон Савдо-саноат палатасида бўлиб ўтган Эрон – Ўзбекистон бизнес-форумида иштирок этди. Ҳукуматлараро комиссиянинг ўн тўртинчи мажлиси якунлари бўйича турли соҳаларга оид бир қатор муҳим ҳужжатлар имзоланди. Эришилган келишувлар турли йўналишлардаги алоқалар равнақи учун замин тайёрлаши шубҳасиз.
Муҳтарам Президентларимиз Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг 2021 йил 16-17 сентябрь кунлари Душанбе шаҳрида ва Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг 2021 йил 28 ноябрь куни Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган саммитлари доирасидаги учрашувларда алоқаларни ҳар томонлама ривожлантириш масаласига алоҳида урғу бериб, барча тегишли вазирлик, идораларга бу борада зарур кўрсатмалар берди. Ҳозирги пайтда барча соҳаларда шерикликни кенгайтиришга қаратилган Йўл хариталари тайёрланмоқда.
Умуман, Ўзбекистон ва Эрон ҳамкорлиги ўта ёруғ истиқболга эга. Эрон Ислом Республикаси Президентининг Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари саммитида иштирок этиши, президентларнинг йигирма йиллик танаффусдан кейинги расмий ташриф доирасида мулоқоти, учрашув якунида турли соҳаларга оид муҳим ҳужжатлар имзоланиши Эрон ва Ўзбекистон ҳамкорлиги тарихида кескин ижобий бурилиш нуқтаси бўлиши кутилмоқда.
Биз юксалиш йўлидаги барча тўсиқларни олиб ташлаш ҳамда алоқаларни янада ривожлантириш орқали дунёда дўстлик ва биродарликнинг муносиб намунасини яратишга ҳаракат қилмоқдамиз.
— Ўзбекистон ва Эрон зиёрат туризми, савдо-сотиқ, инвестиция соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш учун улкан салоҳиятга эга. Бўлажак учрашувда бу борадаги мавжуд имкониятларни ишга солиш йўллари ҳам кўриб чиқиладими?
— Сўнгги йилларда мамлакатларимиз муносабатида намоён бўлган ўзига хос хусусиятлардан бири алоқаларнинг диверсификациялаштирилганидир. Бугунги кунда икки мамлакат сиёсий ва савдо-иқтисодий, транспорт соҳаси, минтақавий ва халқаро масалалар бўйича ҳамкорликдан ташқари парламентлараро алоқани, олий таълим, маданият, санъат ва туризм йўналишларидаги шерикликни ҳам йўлга қўйган. Эрон ва Ўзбекистон ўртасида маданият, туризм ҳамда фан ва технологиялар соҳаларида ҳамкорлик тўғрисидаги ҳужжатлар имзоланиши ўзаро муносабатда ўзига хос, янги ҳодиса бўлиб, алоқалар сифатини сезиларли даражада яхшилайди.
Ушбу муҳим ҳужжатлардан бири маданият соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги Англашув меморандумидир. Бу ҳужжат ҳар икки давлатда маданият ҳафталиклари ўтказиш имконини яратади. Масалан, жорий йил охиригача Ўзбекистоннинг айрим шаҳарлари, жумладан, Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хивада Эрон Ислом Республикаси маданият ҳафталиги тантанали ва ўзига хос тарзда нишонланиши мўлжалланяпти.
Эрон ва Ўзбекистон ўртасида Хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик бўйича қўшма комиссия тузилиши мамлакатимизнинг нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё давлатлари билан муносабатида янги ҳодиса бўлиб, Эрон минтақа давлатлари орасида биринчи бўлиб Ўзбекистон билан шундай комиссия тузди. Мазкур келишув Эрон Миллий хавфсизлик олий кенгаши котиби Али Шамхонийнинг Ўзбекистонга ташрифи давомида имзоланди. Энди аниқ натижага йўналтирилган амалий иш қилиш, ўзаро муносабат, хусусан, савдо-иқтисодий алоқадаги эҳтимолий тўсиқларни олиб ташлаш вақти келди. Охирги икки йил давомида савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия мажлиси ўтказилишидан ташқари икки мамлакат тадбиркорларининг Эрон ва Ўзбекистон бозори ва имкониятлари билан яқинроқ танишишлари учун тегишли чора-тадбирлар амалга оширилди.
Жорий йил 9-11 май кунлари Тошкент шаҳридаги «Ўзэкспомарказ» кўргазмалар мажмуасида Эрон ишлаб чиқариш ва саноат ютуқлари биринчи ихтисослаштирилган кўргазмаси ташкил этилди. 20 июль куни эса Эрон Президентининг илм-фан ва технологиялар бўйича ўринбосари Сурено Сатторийнинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Эроннинг 30 та инновацион компанияси иштирокида «Ўзбекистон – Эрон фан ва инновация форуми» ўтказилди. Бу анжуманлар икки халқнинг фан ва технология соҳасидаги ҳамкорлиги ривожига, ўзаро алоқалар янада чуқурлашиши, маданий боғлиқлик кенгайишига хизмат қилади. Ҳозир Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистонда инновация марказлари очиши, бу соҳада биргаликда қадам ташланиши учун барча шарт-шароит муҳайё.
— Ушбу ташриф доирасида Ўзбекистоннинг Эрон орқали очиқ денгизга чиқиш имконияти борасида ҳам қандайдир амалий ҳамкорлик ўрнатиш кўзланганми?
— Савдо-иқтисодий алоқамиз кун сайин ривожланмоқда. Ўтган 2021 йили Эрон ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо айрибошлаш ҳажми олдинги йилга нисбатан 73 фоиз ошиб, 431 миллион долларни ташкил этди. Бинобарин, бу миқдор икки халқ ўртасидаги қардошлик риштасига, мавжуд иқтисодий салоҳиятимизга мос эмас.
Бахтимизга икки мамлакатнинг иқтисодий салоҳияти бир-бирини тўлдирувчи ҳисобланади. Эрон йўналиши Ўзбекистоннинг очиқ денгизга чиқиши учун энг қулай йўл. Умумий бир юз йигирма миллион кишилик бозор, шунингдек, мавжуд маҳсулот ва хизмат хилма-хиллиги тадбиркорларимиз учун нодир имкониятдир.
Эрон ва Ўзбекистоннинг халқаро ва минтақавий масалалардаги қараши, позицияси бир-бирига жуда яқин. Икки давлат раҳбарлари хоҳиш-иродаси ўзаро алоқаларни ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган. Бу омилларнинг бари давлатларимиз ўртасидаги муносабат мустаҳкамланишига, олдимизга қўйилган мақсад – ўзаро йиллик савдо айланмасини 2 миллиард еврога етказишга хизмат қилади.
— Эрон дунёнинг энг қадимий, айни пайт халқаро ҳамжамиятда юқори мавқега эга давлат. Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлиб кириш борасида Эроннинг позицияси қандай, умуман Эронга ШҲТ нима беради?
— ШҲТ 2001 йил олти давлат – Хитой, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон иштирокида минтақавий ҳамкорлик мақсадида тузилган бўлиб, кейинчалик Ҳиндистон ва Покистон қабул қилиниши натижасида саккизлик гуруҳига айланди. ШҲТга Эрон Ислом Республикасининг тўлақонли аъзо бўлиб кириши билан Шарқ тўққизлигига айланиши кутилмоқда. Ҳозир «бу ташкилот турли соҳалардаги кўп томонлама ҳамкорлик учун қандай салоҳиятга эга», деган савол кўпчиликни қизиқтиряпти.
ШҲТга аъзо давлатлар аҳолиси дунё аҳолисининг қарийиб ярмини, ҳудуди эса дунёнинг тўртдан бир қисмини ташкил этади. Бу давлатлар маданият ва цивилизация нуқтаи назаридан ҳам ўта қадимий, жаҳон тарихий ва туристик марказларининг катта қисми шу мамлакатларда жойлашган.
Шунингдек, дунё ҳунармандлик маҳсулотларининг сезиларли қисми шу ҳудудда ишлаб чиқарилади. Бу юртлар маданий хилма-хиллик, таомларининг тури ва мазаси, мусиқий бойлиги, анъанавий либослари ва бошқа қадриятлари билан ҳам ажралиб туради.
Бу мамлакатлар саноат тараққиёти учун зарур бўлган нефть, газ, олтин, темир, мис ва бошқа ер ости ресурсларига ҳам бой, буғдой, шоли, пахта, писта, заъфарон, мева ва зиравор етиштириш бўйича дунёда юқори ўринларни эгаллайди.
ШҲТ давлатлари сиёсат, хавфсизлик, иқтисодиёт, транспорт, транзит, туризм, маданият каби кўплаб соҳаларда хар томонлама ҳамкорлик салоҳиятига эга. Халқаро транспорт тизими нуқтаи назаридан дунёнинг қуруқлик, денгиз ва ҳаво орқали ўтадиган кўплаб энг муҳим йўлаклари айнан шу давлатлар ҳудудидан ўтади.
Бундай ҳамкорлик минтақа ва жаҳонда фаровонлик ўрнатилишининг муҳим гаровидир.
ЎзА мухбири Аслиддин СУЮНОВ суҳбатлашди.