Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолияти учун 77 042 та 4 796 гектар бўш турган ер участкаси “Yerelektron” ахборот тизимига киритилган. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Кадастр агентлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Қобил Бобожонов маълум қилди.
– Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкаларини мулк ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилиш тартиби белгиланган, – дейди Қ.Бобожонов. – Қарорга асосан тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолияти учун 77 042 та 4 796 гектар бўш турган ер участкалари “Yerelektron” ахборот тизимига киритилди. Соҳага оид қонунчилик ҳужжатлари нормаларига шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини ажратиш имкони йўқлиги сабабли 8 468 та 369 гектар ер участкалари белгиланган талабларга мос келмаганлиги учун рад этилди. Шундан тизим орқали 11 та масъул давлат идоралари томонидан ижобий хулоса берилиб, жами 41 084 та 2161 гектар аукционга чиқарилди.
Таъкидланишича, аукцион савдоларига чиқарилган ер участкаларининг 16 580 таси мулк ҳуқуқи асосида, 24 504 таси эса ижара ҳуқуқи ташкил этади.
Аукцион савдоларига чиқарилган ер участкаларининг асосий қисми яъни 38 435 та ер участкалари тадбиркорлик фаолияти ишлаб чиқариш, савдо, хизмат кўрсатиш сервис объектлари мақсадлари учун савдоларга чиқарилган.
Шунингдек, кўп қаватли турар-жой биноларини қуриш учун 608 та ер участкалари аукцион савдолари чиқарилган. Уларнинг умумий ер майдони 40 гектарни ташкил этади.
Яна бир йўналиш, Янги Ўзбекистон массивларида (кўп қаватли турар-жойлар) қуриш учун 65 та ёки 3 гектардан ортиқ ер участкалари аукцион савдоларига чиқарилган.
Муҳим йўналишлардан яна бири, Ёшлар саноат зонаси ҳудудида тадбиркорлик субъектлари учун ер майдонларини аукцион савдоларига чиқариш бўлиб, бу йўналишда 965 та, яъни 65 гектар ер участкалари аукцион савдоларига қўйилди. Шу билан бирга, 16 686 та 1 512 гектар майдондаги ер участкалари келишиш жараёнида турибди.
Аукцион савдолари орқали 4 485 та) ер участкалари сотилган. Уларнинг бошланғич нархи 128,1 млрд сўмни ташкил этган бўлса, сотилган нархи 226 млрд сўмни қайд этди.
Жисмоний ва юридик шахслар хоҳишига кўра, yerelektron.uz очиқ электрон порталида ер участкасига бўлган ҳуқуқ турини, аниқ чегаралари ҳамда майдони ва режалаштирилаётган қурилиш объекти тўғрисидаги маълумотларни кейинчалик уларни аукционга қўйиш масаласини белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун жойлаштириш бўйича таклифлар киритиш имкониятлари яратилган.
М.Қосимова,
ЎзА