Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг @uza_uz телеграм канали орқали “Таълим кредити, ижара шартномаси ва ётоқхоналар” мавзусида ўтказилган овозли чатда хотин-қизларга бериладиган 14 фоизли таълим кредитини олиш масаласи бўйича берилган саволларга Марказий банк бошқарма бошлиғи Лазизхўжа Муҳаммедов жавоб берди.
— Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 18 июлдаги 323-сонли қарорига кўра, тўлов-контрактда ўқиётган хотин-қизларга жорий йилдан бошлаб имтиёзли таълим кредити бериладиган бўлди.
Ушбу таълим кредитини олиш тартиби қандай?
— Бу қарорда энг асосий вазифалар таълим йўналиши бўйича тижорий банклар молия вазирлиги томонидан жойлаштирилган депозитлар ҳисобидан 14 фоизли ставкада ажратиладиган бўлди. Ҳозирги кунда 14 фоизли кредит халқ тили билан айтадиган бўлсак, ҳамёнбоп кредит ҳисобланади. Таълим муассасасида ўқиётган талабага маълум бир қийинчиликларсиз ушбу хизматлардан фойдаланиш эҳтимолини беради.
Талаба биринчи йил учун мўлжалланган даврни битирганидан кейин 7-ойдан бошлаб 7 йил давомида мазкур таълим кредитини қайтариб боради. Энг қулай шарти шундан иборатки, давлат томонидан 14 фоизи махсус жамғарма томонидан тўлаб берилади. Талаба фақат ўқиши, илм олиши керак. Маълум бир тўловларни кейин амалга оширади. Давлатга, жамиятга нафи тегсин. Хотин-қизларимиз маълум бир касб эгаси бўлганидан кейин қийинчиликларсиз ўзи олган кредитни 7 йил давомида тўлаб боради.
— Таълим кредитини хотин-қизлар қайси банклардан олишлари мумкин?
— Қайси банклар томонидан ушбу кредит берилиши молия вазирлигининг веб сайтида эълон қилиниб борилади. Булар 12 та банк, яъни Микрокредитбанк, Асака банк, Агробанк, Халқ банки, Ипотека банк, Қишлоқ қурилиш банк, Туронбанк, Ориент финанс банк, Миллий банк, Ўзсаноатқурилишбанк, Ҳамкорбанк, Алоқабанк.
Бунинг учун талабалар банкка ариза ёзишлари, шахсни тасдиқловчи ҳужжат, таълим муассасаси билан тўлов-контракт шартномаси, талабанинг доимий даромад манбаига эга бўлган оила аъзолари ва бошқа учинчи шахс биргаликда қарз олувчи сифатида таълим кредити қайтарилишининг таъминоти бўйича ҳужжатларни тақдим этишлари керак.
Видеолавҳаларимизнинг келгуси сонларида ижара шартномаси ҳамда ётоқхоналар бўйича берилган саволларнинг жавобларига доир лавҳаларни кўришингиз мумкин.
<iframe width="1180" height="664" src="https://www.youtube.com/embed/hf0e8OHdt_c" title="14 фоизли таълим кредитини қайси банклардан олиш мумкин?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>
Н. Раҳмонова, Ё. Мелибоев (видео), ЎзА