![](https://cdn.uza.uz/2022/08/30/07/58/oBv52uE6ZrEdwSWlS5NE4XV2yJMvDIhf_normal.jpg)
Олмалиқ кон-металлургия комбинатида йиллар давомида тўпланган техноген чиқиндиларни қайта ишлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чиқиндиларни қайта ишлашга жалб этиш ўз самараси бермоқда.
Самарқанд вилоятидаги “Ингичка” кони жорий йилда “Олмалиқ КМК” АЖ тасарруфига ўтказилди. “Ингичка” вольфрам конининг техноген чиқиндиларини қайта ишлаш ва вольфрам концентратини ажратиб олиш ҳисобига янги турдаги юқори қўшилган қийматли экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Жумладан, “Ингичка” конидан илк вольфрам маҳсулоти олинди.
Маълумот учун вольфрам – нодир металлар сирасига киради ва қаттиқ қотишмалар учун асос ҳисобланади. Вольфрамдан пўлатларни легирлашда, ейилишга чидамли ва иссиқбардош қаттиқ қотишмалар олишда фойдаланилади. Шунингдек, авиация, космонавтика ва электротехникада кенг қўлланилади. Зичлиги юқори бўлганлиги учун ундан зирҳлар ҳам тайёрланади. Ҳозирги кунда жаҳон бозорида 1 кило вольфрамнинг нархи – 40 АҚШ долларини ташкил этади. “Ингичка” конининг техноген чиқиндиларини қайта ишлаш эвазига йилига 100 тонна вольфрам олинади. Эътиборлиси бу лойиҳа 150 та янги иш ўрни яратиш имконини берди.
ОКМК Ахборот хизмати,
ЎзА