![](https://cdn.uza.uz/2022/08/30/06/36/ir9tF3981CWdC6E97IdSptCTaV0kHXYs_normal.jpg)
Сурхондарё вилоятида Шеробод туманида жойлашган ҳарбий қисмда хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар ва уларинг оила аъзолари учун мустақиллигимизнинг 31 йиллик байрами арафасида янги хизмат уйлари фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали маросимда маҳаллий ҳокимлик, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, ёшлар, ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзолари иштирок этди. Тадбирда Жанубий оператив қўмондонлиги бошлиғи, полковник Пўлатжон Сативалдиев ва бошқалар кейинги йилларда Қуролли Кучларимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, ҳарбий хизматчилар ҳамда уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш юзасидан кўрсатилаётган ғамхўрликлар Миллий армиямиз нуфузини юксалтириб, жанговар шайлигини янада оширишда муҳим ўрин тутаётганини таъкидлади.
Ватанимиз тинчлиги, юртимиз ободлиги йўлида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари учун ҳарбий шаҳарчада фойдаланишга топширилган ҳар бири 16 хонадондан иборат иккита уйда ҳам барча қулайлик яратилган. Хоналар кенг ва шинам. Барча хоналари мебель ва бошқа зарур жиҳозлар билан таъминланган. Икки қаватли уйлар ҳовлисида замонавий болалар ўйингоҳлари барпо этилган. Бундай шароитлар энг улуғ, энг азиз байрамимизни янги уйларда нишонлаётган ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзоларига бир олам қувонч бағишлади.
Ҳарбий шаҳарчаларда яратилаётган бундай шароитлар Ватанимиз ҳимоячиларининг ҳарбий хизматга бўлган ёндашувини янада юксалтириб, ҳарбий қисмларда масъулият ва интизомни мустаҳкамламоқда. Ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзолари қалбида Янги Ўзбекистондан фахрланиш туйғусини янада оширмоқда. Тантанали тадбир ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари тайёрлаган миллий таомлар кўргазмаси билан давом этди. Унда тадбир иштирокчиларига бир-биридан мазали 40 дан ортиқ турли таом тортиқ қилинди. Она Ватан, тинчлик ва тўкин ҳаёт тараннум этилган куй-қўшиқ ва саҳна кўринишлари барчага байрамона кайфият улашди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири