Президентимизнинг мамлакатимиз соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан ўтказган «очиқ мулоқот»и Янги Ўзбекистон тарихида янги даврни бошлаб берди.
Мулоқотда соҳанинг барча йўналишларида кейинги 5 йил учун муҳим стратегик йўналишлар ва вазифалар белгилаб берилди. Мазкур вазифалар доирасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика даволаш профилактика муассасаларининг 200 нафар тиббиёт ходимлари жойларга чиққан ҳолда бугунга қадар республиканинг 11 та ҳудудида оммавий тиббий кўрик тадбирларини ўтказди.
"Маҳаллабай" иш тартибида ташкил этилган тадбирларда аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўриклардан ўтказилиб, касаллиги аниқланган 275 минг нафар беморлардан 210 минг нафари амбулатор, 65 минг нафари стационар шароитда соғломлаштирилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган навбатдаги «Ҳукумат соати»да Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев ушбу маълумотларни қайд этди.
«Ҳукумат соати»да депутатлар «Соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар, шу жумладан, соҳага ажратилган маблағлардан оқилона фойдаланиш, олис ва чекка ҳудудларда тиббиёт пунктларини ташкил этиш ҳамда уларни кадрлар билан таъминлаш бўйича кўрилаётган чоралар тўғрисида»ги масалани муҳокама қилар экан, соҳада амалга оширилган ишлар юзасидан қатор саволлар билан мурожаат қилдилар.
Хусусан, халқ вакиллари аҳолига кўрсатилаётган бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўламини кенгайтириш ва тиббий ёрдамни аҳолига яқинлаштириш бўйича қандай ишлар қилинаётгани билан қизиқди.
Қайд этилдики, жорий йилнинг олти ойида 76 та оилавий шифокор пункти, 20 та оилавий поликлиника, 505 та маҳалла тиббиёт пункти ташкил этилган. Соҳада олиб борилган ислоҳотлар натижасида ихтисослашган марказлар сони 10 тадан 24 тага, уларнинг ҳудудлардаги филиаллари эса 2 тадан 269 тага ортди. Ҳудудлардаги юқори технологияли амалиётлар улуши 5 фоиздан 30 фоизга етказилди.
Вазир олис ва чекка ҳудудлардаги оилавий поликлиника, оилавий шифокор пунктларини «Қишлоқ шифокори» дастури доирасида кадрлар билан таъминлаш ҳамда шифокорларни моддий ва маънавий рағбатлантириш мақсадида амалга оширилаётган ишлар бўйича саволларга жавоб берар экан, ушбу Дастур доирасида олис ва чекка ҳудудлардаги шифокорлар ойлик иш ҳақига қўшимча 2 миллион сўм миқдорида ҳар ойлик устама белгиланганини таъкидлади.
Уларга ипотека асосида уй-жой сотиб олишда уй-жой қийматининг 50 фоизигача қисми қоплаб бериладиган бўлди. Олис ҳудудларнинг 39 тасида оилавий поликлиника, 86 тасида оилавий шифокор пункти мавжуд бўлиб, уларнинг 70 тасида шифокор танқислиги бор эди. Айни вақтда 70 нафар шифокор 82 штатда иш билан таъминланиб, барча шифокорларга 30 миллион сўмлик тўлов амалга оширилган.
«Ҳукумат соати»да Беҳзод Мусаев депутатлар доим жойларда халқ билан мулоқотда бўлишини эътироф этиб, ҳудудларда тиббиёт соҳасида аниқланган камчилик ва муаммолар, аҳоли мурожаатлари юзасидан таклифлар беришини, депутатлик сўровлари билан чиқишларини билдирди. Халқ вакиллари билан ўзаро ҳамкорликда, ҳамфикрлиликда ишлаш соҳадаги камчиликларни бартараф этишда, аҳолига қулайлик яратишда муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА