Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган брифингда Маданий мерос агентлиги ахборот хизмати раҳбари Моҳинур Имомованинг таъкидлашича, «2022-2023 йилларда музейларда хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури»га мувофиқ «Маданий мерос кодекси»ни ишлаб чиқиш белгиланмоқда.
Унга кўра Маданий меросни ҳимоя қилиш инспекцияси ташаббуси билан Маданий мерос агентлигида тегишли вазирлик ва идоралар, соҳанинг етук мутахассис олимлари, хорижий экспертлар иштирокида «Маданий мерос кодекси»нинг дастлабки лойиҳаси кўриб чиқилди.
«Маданий мерос кодекси» лойиҳаси 6 та бўлим, 23 та боб ва 154 та моддадан иборат бўлиб, хорижий тажриба ва миллий қонунчиликни уйғунлаштирган ҳолда ишлаб чиқиладиган кодекс лойиҳаси халқимиз фикрини ўрганиш мақсадида келгусида жамоатчилик ўртасида муҳокама қилиниши режалаштирилмокда.
Шунингдек, жорий йилда инвестиция дастури доирасида ажратилган маблағлар ҳисобидан 37 та маданий мерос объектларида реставрация ишларига 84,8 миллиард сўм маблағ ажратилиб, лойиҳалари ишлаб чиқилиб, илмий эксперт кенгашдан ўтказилмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг Маданий меросни ҳимоя қилиш инспекцияси, Маданий мерос агентлиги, бошқа тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда тузилган ишчи гуруҳ томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги 750 га яқин моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларида давлат мулки бўлган бошқа ташкилотларга тегишли моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини ижарага бериш, улардан фойдаланиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ўрганилди.
Ўрганишлар натижасида 60 фоизга яқин ҳолатда маданий мерос объектларини сақлаш, фойдаланишга бериш ва улардан фойдаланиш бўйича талабларни қўпол равишда бузилганлиги аниқланди ва вазиятга ҳуқуқий баҳо бериш учун тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилди.
Вилоятларда жойлашган моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини фойдаланишга (ижарага) бериш ва улардан фойдаланишда қонун ҳужжатларига риоя этилиши ҳолатини ўрганиш юзасидан 15 365 019 836,95 сўм (ўн беш миллиард уч юзи олтмиш беш миллион ўн тўққиз минг саккиз юз ўттиз олти сўм) дебитор қарздорлик аниқланди.
Иш жараёнида шундан 1 226 350 735,36 сўм (бир миллиард икки юз йигирма олти миллион уч юз эллик минг етти юз ўттиз беш сўм) қарз маблағлари ундирилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА