Ижтимоий-иқтисодий соҳаларда кўплаб лойиҳалар ишга туширилиши ҳамда аҳоли истеъмолчилар сони кўпайиб бориши натижасида электр энергиясига бўлган эҳтиёж ҳам йил сайин ортмоқда. Бу эса табиийки энергетика қувватларини оширишни тақозо этади. Шу боис мазкур йўналишда янги лойиҳалар босқичма-босқич ишга туширилмоқда.
Бухоро туманида барпо этилиб, фаолиятини жорий йил январида бошлаган газ-поршенли электр станцияси(ЭС) мамлакатимизнинг шу мақомдаги тўнғич икки корхонасидан биридир.
Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 150 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Электр станцияси йилига 2,2 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга. Бошқача айтганда, бу вилоят эҳтиёжининг қарийб 50 фоизига тенг, дегани.

Таъкидлаш жоиз, республикамизда қулай инвестиция муҳити яратилгани хорижий сармоядорларни жозибали лойиҳаларга қизиқишини оширмоқда. Йирик корхона мамлакатимиз Президентининг 2021 йил 4 мартдаги “Тошкент вилоятида қуввати 240 МВт бўлган буғ-газ электр станцияси ва қуввати 230 МВт бўлган газ-поршенли электр станциясини қуриш” ҳамда “Бухоро вилоятида қуввати 270 МВт бўлган газ-поршенли электр станциясини қуриш” инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида объектга тўғридан-тўғри сармоя киритган инвестор – Туркиянинг “Aksa Enerji Uretim A.S” компанияси таъсис этган МЧЖ шаклидаги “Aksa Enerji Bukhara” лойиҳа компанияси томонидан барпо қилинди.
Табиий газ асосида электр энергияси ишлаб чиқарадиган станция Марказий Осиёнинг энг замонавий турдош корхоналари қаторида туради. У юқори энергия тежамкор ускуналар билан жиҳозланган.
Унинг афзалликлари нимада? Замонавий технология самарасида йилига 260 миллион куб метр миқдоридаги табиий газ иқтисод қилинади. Тежаб қолинган ушбу ресурс қўшимча 900 миллион киловатт соат электр энергиясини ишлаб чиқариш имконини беради. Бу эса 450 минг истеъмолчининг эҳтиёжини таъминлайди.

– Корхона ишга тушганига етти ой тўлди, – дейди электр станция бош директори ўринбосари Жобир Шукруллаев.– Бу нисбатан қисқа муддат ЭС фаолиятида ўзига хос давр бўлди. Дастлаб январь ойида у мамлакатимизнинг ягона электр тизимига уланган бўлса, сўнгра босқичма -босқич корхона барча қурилмалари ишга туширилди ва улар тегишли тартибда синовдан ўтказилди. Ҳозирги пайтда эса тўла қувват билан барқарор электр энергияси ишлаб чиқаришда давом этмоқда. Хуллас, мамлакатда энергия таъминоти барқарорлигига эришишда мазкур станциянинг ўз ўрни бўлади.
Корхонада ишлаётган ходим ва мутахассислар Туркияда замонавий аппаратлар ва ускуналарни бошқариш кўникмасини ўрганган.
Электр станциясида айни пайтда 123 нафар ишчи ва муҳандис -техник ходимлар меҳнат қилмоқда. Уларнинг 55 фоизи юртдошларимиз, қолгани туркияликлардир. Яна бир муҳим жиҳат корхона ишчи ва муҳандис-техник ходимлари самарали ишлаши учун барча қулайликлар яратилган.
Эркин ЁДГОРОВ, ЎзА