Андижон вилоятида жами 13 минг 346 километр автомобиль йўли мавжуд.
Шундан 2 минг 463 километри умумфойдаланувдаги, 10 минг 883 километри ички ва хўжалик йўлларидир. Кейинги йилларда вилоятда автомобиль ва ички йўлларни қайта қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Айниқса, ички йўлларни таъмирлаш доимий эътиборда. Натижада чекка ҳудудлардаги неча ўн йиллар давомида таъмирланмаган, ёзда чанг, қишда лой кўчаларга шағал ётқизилди, маълум бир қисми асфальтланди, маълум қисми эса бетон қопламаси билан қопланди.
Ички йўлларни таъмирлаш дастурлари бўйича жорий йилда жами 395 километр йўлни, хусусан, 83,8 километрни асфальтлаш, 270 километр қисмини цемент-бетон қопламаси билан қоплаш, 41 километр қисмини шағаллаш белгиланган. Шундан, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 32 та маҳаллада 173,1 километр йўлни таъмирлаш кўзда тутилган. Ҳозирга қадар “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида жами 46,3 километр, яъни 18 километр йўл асфальтланди, 11,5 километр йўлга цемент-бетон қопламаси ёткизилди, 27,4 километр йўл шағалланди. Бу борадаги ишлар изчил давом этмоқда. Бундан ташқари, 273 километр ички йўлга ҳашар йўли билан шағал ётқизилди.
[gallery-8218]
Вилоят ҳокими ташаббуси билан ички йўлларни таъмирлаш, йўллардан фойдаланиш муддатини узайтириш мақсадида илғор тажриба амалиётга татбиқ этилди. Яъни ички йўлларни асфальтлаш, шағаллаш ўрнига бетон қопламаси билан қоплаш йўлга қўйилди. Андижон тажрибаси тариқасида бошланган бу борадаги ишлар самарадорлиги ва афзаллиги билан нафақат мутахассислар, балки кенг жамоатчилик томонидан алоҳида эътироф этилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда 23 километр йўлга бетон қопламаси ёткизилди.
Мутахассислар томонидан ички йўлларга асфальтдан кўра, бетон қопламаси ётқизишнинг афзалликлари юқори бўлиши таъкидланмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, 1 километр узунликда, кенглиги 4,5 метр бўлган кўчани асфальлашдан кўра бетон қопламаси ётқизишда иш ва маблағ сарфи тежалиши, йўлларнинг сифати ва яроқлилик муддати узайиши, умуман, бетон қопламали йўллар кўп жиҳатлари билан устунликка эга бўлиши амалда ўз исботини топди.
Айни кунда мазкур йўналишдаги ишлар Президентимизнинг 2022 йил 18 майдаги “Цемент-бетон қопламали автомобиль йўллари тармоғини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан тасдиқланган режа бўйича олиб борилмоқда. Ички йўлларни цемент-бетон қопламали тарзда қуриш ишлари туман ва шаҳарлар ҳокимлари, сектор раҳбарлари билан биргаликда жойлардаги мурожаатлардан, шунингдек, “Оғир ҳудуд” деб топилган маҳаллаларнинг таклифларидан келиб чиқиб режалаштирилмоқда.
Халқ депутатлари вилоят Кенгашида барча ҳудудлардан келиб тушган манзилли рўйхатлар, таклифлар кўриб чиқилиб, ўрганилиб, амалга ошириш бўйича қарорлар қабул қилиниши йўлга қўйилди. Цемент-бетон қопламали йўлларнинг қурилишини ташкил этиш ва мувофиқлаштириб бориш бўйича вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармасида штаб ташкил этилди. Вилоятда бетон йўл қурилиш кластерларини ташкил этиш ҳамда цемент ишлаб чиқарувчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш мақсадида тадбиркорларга имтиёзли кредит ва зарур ёрдам кўрсатилганлиги натижасида ҳозирда 3 та йирик цемент-бетон йўл қурилиш кластери ташкил этилган.
Ана шундай кластерлардан бири “Alfa Imperial Beton” МЧЖ 100 дан ортиқ махсус техника, махсус жиҳоз ва 300 нафардан зиёд малакали мутахассисларга эга. Энг асосийси корхона йилига 1 миллион 200 минг тонна цемент ишлаб чиқариш имконига эга. Ички йўлларни бетон қопламаси билан қоплаш асфальтлашдан кўра, бирмунча арзон бўлиши, йўлдан фойдаланиш муддати ҳам бир неча йилга ортиши қайд этилмоқда. Ҳозирга қадар юқоридаги кластер корхоналари томонидан вилоятдаги жами 23 километр узунликдаги ички йўлларга бетон қопламаси ёткизилган.
– Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 1 километр бетон йўлнинг нархи 580-585 миллион сўмга тўғри келади, – дейди Андижон автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси Минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати унитар корхонаси раҳбари ўринбосари Шохрухбек
Қурбонов. – Ҳозирга қадар бетон қопланган 23 километр йўлнинг 5,4 километрини 14 сантиметр қалинликда 200-250 маркали, 17,6 километрини 18 сантиметр қалинликда 300 маркали бетон билан қопланганда харажат асфальтлашга кетадиган харажатга нисбатан 600 миллион сўм арзон бўлди. Яъни шунча маблағ иқтисод қилинди. Бундан ташқари, йўлнинг сифати, яроқлилик муддати ва бошқа параметрлари жуда яхши. Масалан, бетон йўлнинг фойдаланиш муддати асфальт йўлга нисбатан бир неча йилга узоқ бўлади.
– Маҳалламиздаги ички йўллар бетон қопламаси билан қопланди, – дейди Андижон шаҳридаги Исломобод маҳалласида яшовчи, меҳнат фахрийси Муяссархон Ҳасанова. – Бу кўчаларимизга ўзгача кўрк бағишлади. Аввалги ўйдим-чуқур кўчалардан асар ҳам қолмади, айниқса, мустаҳкамлигини айтмайсизми. Очиғи, бутун маҳалла аҳли кўчаларимиз бетон билан қопланганлигидан беҳад мамнун.
Маҳаллалардаги ички йўлларни цемент-бетон қопламага ўтказилиши аҳоли ва жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланмоқда, юртдошларимизга манзур бўлмоқда.
– “Обод қишлоқ” дастури доирасида маҳалламиздаги кўчанинг 1,3 километр қисмига бетон қопламаси ёткизилди, – дейди Хўжаобод туманидаги Тошота маҳалласи Зиёратгоҳ кўчасида яшовчи Нурмуҳаммад Ҳакимов. – Очиғи, кўчамиз бетон билан қопланишини эшитганимизда хаёлимизга “қандай бўлар экан” деган фикр келган эди. Мана, бетон ётқизилди. Кўчаларимиз ўзгача чирой очди, мустаҳкам ва равонлиги ҳар қандай кишининг ҳавасини келтиради.
Бугун маҳаллаларда аксарият цемент-бетон қопламали йўлларнинг эни 4,5 метрни, қалинлиги 18 сантиметрни, яроқлилик муддати эса камида 10 йилни ташкил этади. Энг асосийси, пудратчи ташкилот мутахассислари томонидан йўлнинг ҳолати, сифати 5 йил давомида назорат қилиб борилади. Бир сўз билан айтганда, Андижон тажрибаси сифатида бошланган йўлларни цемент-бетон қопламаси билан қоплаш ишлари барчага бирдек манзур бўлмоқда. Чиройли, сифатли бундай йўллар аҳолининг турмуш фаровонлигини юксалтирмоқда, кайфиятини кўтармоқда.
Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ,
Зуҳриддин УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА