Сайёрамиз аҳолисининг 18 фоизи ёки 1,4 миллиард киши рақамли қашшоқлик шароитида яшамоқда.
Internet Society Foundation ва World Data Lab (Интернет ҳамжамияти фонди ва дунё маълумотлар лабораторияси) тадқиқотлари натижасида шу нарса маълум бўлдики, дунё аҳолисининг 18 фоизи кунига ҳеч бўлмаганда 40 дақиқа интернетга уланиш имкониятига эга эмас.
Ушбу маълумотлар БМТнинг барқарор тараққиёт мақсадларидаги “кам ривожланган мамлакатларда аҳолини 2020 йилгача ёппасига арзон интернетга уланишни таъминлаш» бўйича режасига тўғри келмайди.
Internet Society Foundation жамғармаси дастурлари бош директори Шан Робинсоннинг таъкидлашича, интернетга уланиш глобал қашшоқликни камайтиришда муҳим аҳамиятга эга. Чунки интернет кам даромадли одамлар учун ишга жойлашиш, маълумотга эга бўлиш ва таълим олиш бўйича яхши имкониятдир.
“Коронавирус пандемияси интернетнинг ҳар қачонгидан ҳам муҳим эканини кўрсатиб берди. Бу кўпчилик учун қутқарув чамбараги ҳисобланади ва шу боис барчанинг интернетга уланишини таъминлаш лозим. Интернетга уланишни зарур тартибда мувофиқлаштириш иқтисодий ривожланишга ҳам ижобий таъсир қилиши мумкин. Рақамли технология кичик ишлаб чиқарувчиларни катта бозорлар билан бирлаштиради. Бу эса қишлоқ жойларда истиқомат қилаётган эҳтиёжманд одамларга даромадларини ошириш учун қулай имкониятдир”, дейилади хабарда.
Тадқиқот маълумотларида келтирилишича, рақамли қашшоқликдан азият чекаётган одамларнинг ярми, яъни 709 миллион киши Африка мамлакатларида, жумладан, Бурунди, Мадагаскар, Малави, Гвинея-Бисау, Того, Марказий Африка Республикаси, Руанда ва Замбияда яшар экан.
Интернетга уланиш имконияти жуда паст бўлган ўнта мамлакат сафига Венесуэла ва Яман ҳам киритилган. Гендер тафовути бўйича эса, аёллар энг ёмон аҳволда экан. Улар рақамли қашшоқлик индекси бўйича 52 фоизни ташкил этади.