“Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича республика референдуми ўтказилиши муносабати билан шу кунларда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ЕХҲТ ДИИҲБ) Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси делегацияси мамлакатимизда бўлиб турибди.
Миссия ташрифидан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистондаги референдум олди вазият ва ушбу сиёсий тадбирга тайёргарлик кўриш жараёнини баҳолашдан иборат.
Делегация вакиллари билан Марказий сайлов комиссиясида бўлиб ўтган учрашувда ДИИҲБ овоз беришнинг янги технологиялари бўйича катта маслаҳатчиси Владимир Мисев Марказий сайлов комиссияси томонидан бўлажак республика референдумига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш юзасидан ЕХҲТ ДИИҲБ баҳолаш миссиясининг ўз вақтида таклиф қилингани халқаро сайлов стандарти талабига тўлиқ мос келишини қайд этди.
ЕХҲТ ДИИҲБ методологиясига кўра, Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси одатда муайян сайлов ёки референдум бошланишидан бир неча ой олдин ЕХҲТга аъзо давлатдаги сайлов олди ёки референдум олди вазиятни, шу жумладан, тадбирларга тайёргарликни баҳолаш учун юборилади.
Бўлажак республика референдумини кузатиш бўйича зарур тадбирларнинг тури, шакли, муддати ва кўлами бўйича эҳтиёжларни баҳолаш миссияси иши натижасида тақдим этилган тавсиялар асосида ЕХҲТ ДИИҲБ референдумни кузатиш тўғрисида қарор қабул қилади.
Учрашувда Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаев республика референдумига тайёргарлик кўриш ва тадбирни ўтказиш бўйича амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ҳақида атрофлича сўзлаб берди. Суҳбат чоғида Конституциямизни ислоҳ қилиш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳот мамлакатимиз ва халқимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий воқеа экани таъкидланди.
– Президент Шавкат Мирзиёев жорий йил 20 июнь куни Конституцияни ислоҳ қилиш бўйича Конституциявий комиссия аъзолари билан бўлиб ўтган йиғилишда конституциявий ислоҳотнинг тўрт устувор йўналишига тўхталиб, ҳар бири бўйича ўз фикрини билдирди, – деди З.Низомхўжаев. – Давлатимиз раҳбари Конституция лойиҳасини умумхалқ муҳокамасида кўриб чиқиш ва референдум йўли билан қабул қилишни ҳам таклиф этди.
[gallery-7967]
Шу кунларда “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси халқимизнинг фаол иштирокида қизғин муҳокама қилинмоқда. Айни жараён 1 августга қадар давом этади.
Мулоқот чоғида Ўзбекистонда барча жабҳаларда, жумладан, сайлов тизимида ҳам юксак демократик талаблар ва халқаро ҳуқуқий меъёрларга жавоб берадиган ислоҳотлар амалга оширилаётгани эътироф этилди.
Хусусан, 2022 йил 16 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилгани сайлов қонунчилигидаги сўнгги янгиликдир.
Таъкидлаш жоиз, Сайлов кодексида 2019 йилги парламент сайлови якуни бўйича ЕХҲТ ДИИҲБ тавсиялари асосида киритилган қатор муҳим қоидалар ўз аксини топган. “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги қонуннинг айрим нормалари Сайлов кодекси ва бошқа ҳужжатларга мувофиқлаштирилган.
Қайд этилганидек, бугунги кунда бўлажак референдумга тайёргарлик кўришдаги устувор вазифалардан яна бири МСК норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини амалдаги қонунчиликка мувофиқлаштиришдан иборат. Комиссия мажлисларида референдумга тааллуқли бир қатор муҳим ҳуқуқий ҳужжатлар – Референдум ўтказувчи округ ва округ комиссиялари тўғрисида, референдум ўтказувчи участка ва участка комиссиялари тўғрисида, Ўзбекистон Республикаси референдумида иштирок этувчи хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар кузатувчилари тўғрисидаги низомлар қабул қилинди.
Учрашувда референдум ўтказувчи округ ва участкалар, референдум комиссиялари ишини тўғри ташкил этиш бўлажак референдумнинг сифати ва савиясига бевосита таъсир кўрсатувчи муҳим омиллар экани алоҳида таъкидланди.
Шу муносабат билан Референдум комиссиялари аъзолари малакасини оширишни ташкил этиш Концепцияси ишлаб чиқилди. Концепцияга кўра, қисқа муддатда миллий қонунчилик ва референдум амалиётини такомиллаштириш, халқаро стандарт бўйича комиссия аъзолигига номзодлар билим ва кўникмасини ошириш, уларни референдумга оид қонун ҳужжатларидаги янгиликлардан хабардор қилиш зарур.
Марказий сайлов комиссияси фаолияти ва сайлов жараёнига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишни такомиллаштириш референдумга тайёргарлик кўришнинг яна бир устувор йўналиши сифатида қайд этилди.
Шундан келиб чиқиб, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш, Ички ишлар вазирликлари, Давлат персоналлаштириш маркази, Кадастр агентлиги билан ҳамкорликда сайлов жараёни ахборот тизимини, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
ЕХҲТ ДИИҲБ Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси экспертлари мамлакатимизда сайлов қонунчилиги ва амалиётини такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган ишларни ижобий баҳолаб, бўлажак республика референдуми умумэътироф этилган халқаро демократик тамойиллар асосида юқори савияда ўтказилишига ишонч билдирди.
Саидмурод РАҲИМОВ, ЎзА мухбири