
Сирдарё вилояти Ширин шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказида хўжалик ишлари мудири лавозимида фаолият юритган Гўзал Рўзиева қонунга зид равишда ишдан бўшатилганидан норози бўлиб шаҳар адлия бўлимига мурожаат қилди.
Мурожаат адлия бўлимининг иш юритувига олиниб, белгиланган тартибда ўрганиб чиқилди.
Аниқланишича, Г.Рўзиева 2019-2020 йилларда Ширин шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказида дастлаб инспектор, кейин кассир лавозимида фаолият юритган. 2021 йилнинг 3 май куни хўжалик ишлари мудири лавозимига тайинланган.
Мурожаатчи жорий йил 18 мартда ички меҳнат тартиб қоидаларини бузганлиги важи билан Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 4-бандига асосан ишдан бўшатилган.
Бироқ интизомий жазо қўлланилишидан олдин ходимдан ёзма равишда тушунтириш хати олинмаган. Шунингдек, ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқ билан ходим таништирилмаган.
Бундан ташқари, Марказ бошланғич касаба уюшмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси касаба уюшмалари федерацияси Ижроия қўмитасининг 2-37-сон қарорига илова “Касаба уюшмаси органларида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш тўғрисидаги тақдимномасини кўриб чиқиш тартиби”нинг 9, 11-бандлари, шунингдек Меҳнат кодексининг 101, 184-моддалари талабларига риоя этилмаган.
Қолаверса, суд ходимга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланишини, жумладан, Меҳнат Кодекси 100-моддаси 2-қисмининг 3- ёки 4-бандлари бўйича меҳнат шартномасининг бекор қилинишини нафақат иш берувчи томонидан интизомий жазо чораси қўллаш муддати ва тартибларига риоя қилинмаган ҳолларда, балки ножўя хатти-ҳаракат ҳақиқатдан ҳам содир этилган, аммо меҳнат шартномасини бекор қилиш содир этилган ножўя хатти-ҳаракатнинг оғирлик даражаси, хатти-ҳаракат содир этилган ҳолатлар, ходимнинг олдинги хулқ-атвори ва унинг ишга бўлган муносабати ҳисобга олинмаган ҳолда бекор қилинган, деган хулосага келган тақдирда ҳам ғайриқонуний, деб топишга ҳақли.
Юқоридагиларга кўра, Ширин шаҳар адлия бўлими томонидан Г.Рўзиева манфаатида Боёвут туманлараро судига даъво аризаси киритилди.
Натижада, Ширин шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директорининг 2022 йил 18 мартдаги 23-шт-сонли буйруғи бекор қилиниб, Гўзал Рўзиевани аввалги ишига тиклаш тўғрисида суднинг ҳал қилув қарори чиқарилди.
Шу билан бирга мажбурий прогул вақти учун ходимга 2 749 562 (икки миллион етти юз қирқ тўққиз минг беш юз олтмиш икки) сўм миқдорда иш ҳақи, 1 100 000 (бир миллион бир юз минг) сўм миқдорда маънавий зарар ундирилиши белгиланди.
Шуҳрат Суяров, ЎзА