Мижозларга хизмат кўрсатиш сифати янада ошди
“Ўзмиллийбанк” АЖ Ғиждувон филиалининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
Мазкур филиали 1997 йилда 7 нафар ишчи ходим билан иш бошлаган бўлса, бугунги кунга келиб 43 нафар профессионал мутахассислар мижозларга хизмат кўрсатмоқда. Банк томонидан ажратилган кредитлар ҳисобидан Ғиждувон туманида иссиқхоналар, йирик сиғимли замонавий музлатгичлар, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш марказлари, умумий овқатланиш масканлари ташкил этилмоқда. Умумий ҳисобда охирги уч йилда Ғиждувон туманида 10 дан ортиқ йирик лойиҳалар молиялаштирилди. Натижада 1000 дан ортиқ иш ўрни яратилди.

Филиал 2022 йил 1 январь ҳолатига 21,1 мингта мижозга хизмат кўрсатган. Шундан 17,6 мингдан ортиғи жисмоний, 3,5 мингдан зиёдини юридик шахслар ташкил этади. Тўлов пластик карточкаларидан фойдаланишда қулайликлар яратиш мақсадида жойларда 5 та банкомат, 2 та инфокиоска, 1 минг 466 та савдо терминаллари дислокация қилинган. Бундан ташқари, банк ҳудудидаги 1 та валюта айирбошлаш шохобчаси ва 24/7 режимда хизмат кўрсатувчи шохобча (банкомат) аҳоли хизматида.

Банк филиалида замонавий инновацион банк хизматлари кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мижозларининг 70 фоизи масофадан бошқариладиган хизматлардан фойдаланади. Бунда ҳисоб рақамларда банк айланмаларини амалга ошириш, онлайн кредит расмийлаштириш ёки кредит қарздорлигини қоплаш, халқаро ва миллий пластик карточкаларда ҳар қандай банк амалиётлари ҳамда тўловларни амалга ошириш, омонат расмийлаштириш, хорижий валюталарда конверсион амалиётлар, пул ўтказмалари каби банк хизматларидан масофадан фойдаланиш мумкин.

Ғиждувон тумани иқтисодий кўрсаткичларида хизматлар соҳасининг улуши йилдан йилга ортмоқда. Бунда банк филиалининг муносиб ҳиссаси бор. 2021 йилда Ғиждувон туманида хизмат кўрсатиш ҳажми 1,8 триллион сўмни ташкил этиб, ўсиш суръати 108 фоизга етган. Соҳадаги 3,4 мингта корхоналар томонидан кўрсатилган хизматларнинг тумандаги улуши аҳоли жон бошига йиллик миқдори 3,6 миллион сўмни ташкил қилиб, банд бўлган аҳоли сони 7,5 минг нафарга етган. 2022 йилда Ғиждувон туманида хизматлар соҳасида 7 мингта янги иш ўрни яратиш режалаштирилган. Хизматлар кўрсатиш ҳажмини 2021 йилга нисбатан 150 фоизга ошириш ҳисобида аҳоли жон бошига йиллик хизматлар миқдорини 8,1 миллион сўмга етказиш мўлжалланган.

“Ўзмиллийбанк” АЖ Ғиждувон филиали томонидан Бухоро вилояти Ғиждувон тумани ҳудудий инвестиция дастури доирасидаги лойиҳалар учун 137,2 миллиард сўм миқдорида кредит ажратилди. Мисол учун, Ғиждувон ЭИЗ ҳудудидаги “Селена Трейд” МЧЖнинг картон ва гофро яшик ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси учун дастлаб 200 миллион сўм, сўнг 212,5 минг АҚШ доллари миқдорида кредит берилди. Ушбу лойиҳа амалга оширилиши жараёнида Хитой давлатидан асбоб-ускуналар олиб келиниб ўрнатилган. Ҳозирда йилига 7,6 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. 60 кишининг бандлиги таъминланди.

Ғиждувон Текстил Экспорт МЧЖнинг тикувчилик фаолиятини ташкил этиш лойиҳаси учун дастлаб 281минг АҚШ доллари, сўнгра 400 миллион сўм миқдорида кредит ажратилди. Германия давлатидан тикув ва тўқув дастгоҳлари келтирилиб ўрнатилди. Ушбу лойиҳа асосида 70 та янги иш ўрни яратилди.

Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА