Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти Қўрғонтепа туманида фуқаролар овқатдан заҳарлангани тўғрисида хабарлар тарқалди.
Санитария-эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Матбуот хизмати ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.
Таъкидланишича, жорий йилнинг 6 июль куни соат 12:10 ларда туман Юқумли касалликлар шифохонасига Қўрғонтепа туман Ижтимоят МФЙ Бўстон кўчаси 170-уйда истиқомат қилувчи 11.02.2006 йилда туғилган фуқаро Ғ. М ўзида кўнгил айниши, қусиш, бош оғриғи ва ич кетиши шикоятлари билан мурожаат қилган. Беморга зарурий тиббий муолажалар ўтказилиб, касаллик сабаблари ўрганилганда бемор 2022 йил 5 июль куни туман марказида жойлашган “FRESH FOOD 2020” оилавий корхонасига қарашли овқатланиш шохобчасидан нонбyргер сотиб олиб истемол қилганлиги маълум бўлди.
Шу куннинг ўзида соат 18:30 га қадар яна 16 нафар фуқаролар юқоридаги шикоятлар билан туман Юқумли касалликлар шифохонасига мурожаат қилган. Барча беморларнинг ошқозони ювилиб, зарурий тиббий муолажалар ўтказилди.
Ҳозирда беморларнинг умумий аҳволи қониқарли. Беморларга “Ўткир гастроэнтерит” ташхиси қўйилди. 2022 йил 6 июль 23:00 ҳолатида шифохонага жами 37 нафар бемор мурожаат қилган бўлиб, беморларнинг 17 нафари даволанмоқда, қолган 20 нафари умумий ҳолатига кўра тиббий кузатувга олинди.
Касалликка сабаб бўлган омилларни аниқлаш мақсадида “FRESH FOOD 2020” оилавий корхонасига қарашли овқатланиш шохобчасида эпидемиологик суруштирув ишлари олиб борилмоқда. “FRESH FOOD 2020” оилавий корхонасига қарашли 3 та шохобча фаолияти шу кунинг ўзида вақтинчалик тўхтатилди ва маҳсулотлар тайёрлаш хонаси ҳамда омборхонадаги маҳсулотлардан намуналар олиниб Қўрғонтепа туман Санэпидхизмат лабораториясига текшириш учун юборилди.
ЎзА