Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Хусрав Нозирий Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган аъзо мамлакатлар қишлоқ хўжалиги вазирларининг еттинчи йиғилишида иштирок этиш мақсадида мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ташриф доирасида ИҲТ Бош котиби Хусрав Нозирий Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов билан учрашди.
Мулоқот чоғида Бош котиб мамлакатимиз ИҲТга раислиги ушбу ташкилот доирасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.
Республикамизнинг тузилмага раислиги концепциясини амалга ошириш бўйича қабул қилинган “Йўл харитаси” ўз вақтида, тизимли бажариляпти.
Ташкилот режасига биноан 2022 йил ўтказиладиган қўшма тадбирлар, жумладан, ноябрда пойтахтимизда бўладиган Ташқи ишлар вазирлари Кенгашининг 26-йиғилишига тайёргарлик масаласи кўриб чиқилди.
Учрашувда таъминот занжирлари узилиши ва давом этаётган коронавирус пандемия билан боғлиқ муаммони бартараф этиш чоралари хусусида сўз борди. Минтақада транспорт коммуникациялари ва савдони тизимли равишда тиклаш бўйича қўшма ишларни қабул қилиш истиқболи кўриб чиқилди.
ИҲТ мамлакатлари Ўзбекистоннинг энг йирик савдо шериклари бўлгани боис, ушбу масала ҳукуматимиз учун долзарб, дейиш мумкин. 2021 йил якунига кўра, Ўзбекистон ва ИҲТга кирувчи давлатлар ўртасидаги товар айланмаси 11,1 миллиард долларни ташкил қилди. Ҳудудимизда аъзо мамлакатлар инвесторлари иштирокида 5300 дан зиёд қўшма ва хорижий корхона фаолият юритмоқда.
Томонлар конструктив тарзда транзит салоҳиятини ривожлантириш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш масаласига алоҳида тўхталди. Шу мақсадда товарлар ва хизматларнинг эркин ҳаракатланишига ёрдам берадиган, шунингдек, аҳолининг турмуш шароити ва сифатини яхшилайдиган транспорт-коммуникация лойиҳаларини амалга оширишни фаоллаштириш режалаштирилди. Якунда ташаббус ва келишувларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича ҳаракатни янада кучайтиришга ўзаро ишонч билдирилди.
Б.Худойбердиев, ЎзА