Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда бир қатор қонун лойиҳалари партия электорати манфаатлари нуқтаи назаридан қизғин муҳокама қилинди.
Жумладан, “Солиқ ва божхона қонунчилиги, шунингдек, солиқ ва божхона имтиёзларининг қўлланилишини такомиллаштиришга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси атрофлича кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, мазкур қонун лойиҳаси билан мобиль алоқа хизматлари учун акциз солиғи ставкаси 15 фоиздан 10 фоизга туширилиши, нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабларга фарзандларини юбораётган ота-оналарнинг ойига 3 миллион сўмгача бўлган тўловлари даромад солиғидан озод этилиши, хизматлар соҳасини ривожлантириш учун солиқ имтиёзлари берилиши, алоҳида солиқ режими жорий этилиши кўзда тутилган. Энг муҳими, хотин-қизларнинг бандлигини ошириш мақсадида меҳнат ресурслари зич бўлган қишлоқ жойларнинг реестрига киритилган ҳудудлардаги тадбиркорлик субъектларига ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз миқдорида ўрнатилади.
Депутатлар солиқ имтиёзлари қўлланилиши аҳолига қулайлик яратишини таъкидлаб, ўз таклифларини, муносабатини билдирдилар. Қизғин муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси маъқулланди.
Мазкур қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида ҳам атрофлича кўриб чиқилди. Депутатлар партия дастурий вазифалари ва электорат манфаатларидан келиб чиқиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Шунингдек, фракция аъзолари йиғилишда “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини ҳам кўриб чиқдилар.
Қайд этилганидек, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг ўн бараваридан ортиқ бўлмаган миқдордаги ўртача ойлик иш ҳақи олинади. Бугунги кунда пенсионернинг охирги ўн йиллик меҳнат фаолиятига оид бўлган даврлари учун суғурта бадаллари (ижтимоий солиқ) тўланган бўлса-да, бу даврлардаги, шунингдек, ўртача ойлик иш ҳақи миқдори пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг ўн бараваридан ортиқ бўлганда, қолган сумманинг миқдори пенсия ҳисоблашда инобатга олинмайди.
Эндиликда қонун лойиҳасида назарда тутилаётган тартиблар воситасида иш ҳақи, иш стажи ва пенсия миқдори ўртасидаги боғлиқлик таъминланади. Фракция аъзоларининг фикрича, мазкур тартибнинг жорий этилиши юқори иш ҳақи олган фуқароларга муносиб пенсияларни тайинлаш, уларнинг моддий фаровонлигини ошириш, ижтимоий адолат тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шунингдек, йиғилишда фракция аъзоларининг ҳудудларда олиб борган учрашув натижалари ҳам таҳлил қилинди ва устувор вазифалар белгилаб олинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА