Бугунги кунда ҳаётимизни рекламаларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Юрган йўлингизда турли ҳажмдаги реклама воситаларига кўзингиз тушади.
Беихтиёр ўқийсиз. Ўзингизнинг она тилингизда бўлса-ку, кўнглингиз нурга тўлади. Таниш сўзлар, таниш иборалар. Бошқа тилда ёки бошқа тилдаги сўзлар билан аралаш ҳолда берилган бўлса энсангиз қотади. Баъзан кўнглингиздан ўтгани тилингизга ҳам чиқиб кетади. Гапириб юборганингизни билмай қоласиз. Кимдир изза бўлади, кимдир парво ҳам қилмайди, “Бренд бу, опа”, дейди пинагини бузмай. Айримлари эса қўрққан олдин мушт кўтарар қабилида “Тадбиркорнинг ишига аралашманг”, деб пўписа қилади.

Дарвоқе, қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 28 декабрда қабул қилинган ва Сенат томонидан шу йил 17 мартда маъқулланган “Реклама тўғрисида” ги қонуннинг 6-моддаси реклама тили ҳақидадир. Қонунда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реклама Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида тарқатилиши, реклама мазмунининг бошқа тиллардаги таржимаси матни унинг Ўзбекистон Республикаси давлат тилидаги асосий маъносини бузиб кўрсатмаслиги, ташқи реклама орқали жойлаштирилган рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси матни Ўзбекистон Республикаси давлат тилидаги реклама матнининг пастки қисмида горизонтал ҳолда жойлаштирилиши ва умумий реклама майдонининг қирқ фоизидан ошмаслиги, рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси матни ҳарфининг ўлчами Ўзбекистон Республикаси давлат тилидаги реклама матни ҳарфининг ўлчамидан кичик бўлиши кераклиги кўрсатилган.

Юқорида рекламаларни маърифат кўзгуси дедик. Уларнинг давлат тилида, имло хатоларсиз ёзилиши шу элнинг маърифатига баҳодир. Шунинг учун ҳам Косон туманида ташқи тарғибот воситаларини тартибга келтириш, уларни тегишли қонунлар талабига мувофиқ бўлиши учун муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Ҳозирги пайтда туманимизда 70 дан ортиқ турли ҳажмдаги реклама конструкциялари ўрнатилган бўлиб, уларнинг аксарияти қонун талабларига мослаштирилди. Олтига уч ҳажмидаги 55 дан ортиқ баннерлар янгиланди. Тадбиркорларимиз томонидан “Мустақиллик” шоҳ кўчаси, “Алишер Навоий”, “Янги Ўзбекистон”, “Султонзодалар”, “Янги ҳаёт” каби кўчаларга бунёд этилган 15 дан ортиқ турли савдо дўконларига ўзбекона ном берилди. Туман миқёсида 65 та савдо ва маиший хизмат кўрсатиш масканларидаги номлар ўзгартирилди.

Тўғри, ҳозирги пайтда ҳам айрим ҳудудларимизда аралаш тилдаги ёки хорижий тилдаги ёзувлар учраб туради. Аммо иш фаолиятимда бир нарсага амин бўляпманки, тинимсиз тарғибот бари бир натижасини беради. Бугун бўлмаса эртага тадбиркорлар ёзувларни давлат тилига мослаб тайёрлаяпти. Айниқса, шу йилнинг 6 сентябридан юқорида айтиб ўтганимиз янги таҳрирдаги “Реклама тўғрисида”ги қонун кучга киргач, фаолиятимиз яна ҳам самарали, натижадор бўлади, деб ўйлайман.

Асрлар синовларидан, замонлар залворидан ўтиб, аждодлардан авлодларга мардона етиб келган тилимизнинг обрўсига путур етказишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бу борада ўрганиш ишларимиз давом этмоқда

Маҳфуза Ҳайитова,
Маънавий- маърифий ишлар самарадорлигини ошириш давлат тили тўғрисидаги
қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича Косон туман ҳокими маслаҳатчиси,
ЎзА