Ҳафтанинг ҳар шанба ва якшанба кунлари ЎзАда жаҳон адабиётининг буюк вакили Чингиз Айтматов ва япон мутафаккир-адиби Икэда Дайсакунинг турли мавзулардаги суҳбатини эътиборингизга ҳавола этиб борамиз. Суҳбат Чингиз Айтматовнинг «Буюк руҳ қасидаси» номли китобидан таржима қилинган...
НИМА ҚИЛСАМ ҚУЁШ СЎНМАЙДИ, ДАДА?
Дайсаку Икэда: – Болалигимда бошдан кечирган энг ғаройиб туйғу – бу китоб билан боғлиқдир. Атроф, олам қанчалик ўткир идрок этилса, у ёш онг ва қалбга шунчалик ғайришуурий таъсир кўрсатади. Шу билан бирга, ҳиссий тажриба ҳосил бўлади. Умуман олганда, қайд этиб ўтишим керакки, ўқиш жараёни фақатгина билимни кенгайтирмайди, балки руҳий янгиланиш туфайли чуқур ҳаяжон ҳиссини ҳосил қилади.
Чингиз Айтматов: – Суҳбатимиз бошида айнан шу мавзуни ўртага ташлаганингиздан бағоят мамнунман. Болалик китоби ва унинг инсон тақдирига аҳамияти, у биринчи китобни – бутун борлиғи билан қабул қилган биринчи сўзни қандай кутиб олишига жуда боғлиқ.
Ушбу лаҳзанинг ўзида менимча, асосий кашфиёт – биз остонасида турган ўзга ҳаётни ҳис этиш ҳодисаси содир бўлади. Ундан ўтишга тайёрмизми? Танлов муаммоси, инсоний мавжудлик драмаси моҳияти танлов юз берган лаҳзадан бошлаб ҳар бир одамни муқаррар равишда таъқиб этади.
Болалик ва ўсмирлик даврларида китоб ўқиётиб, қандай орзуларга берилганини, тасаввури ўт олиб, ўй-хаёллар қуршовида юрганини ҳеч ким унутолмаса керак ва... ўша таассуротлар қандай қилиб реал воқеликлар билан солиштирилди, ундаги алам ва қўрқув, ҳийла ва адоват, вайронагарчилик ва гўзал дунёларни яксон қилиш – эҳ, булар бари хомхаёл бўлиб қолди. Аммо, ҳатто шундай ёғду олдида ҳам биринчи китобларнинг нури хира тортмади, улар туфайли туғилган юксак орзулар чангдай тўзиб кетмади. Уларнинг кучи ва сеҳри шу қадар чексизки, бир умрга сақланиб қолди.
Икэда: – Сиз, албатта, буюк китобларни назарда тутаяпсиз. Айтинг-чи, ундай китоблар кўпми, ва энг ачинарлиси, улар ҳамиша ҳам болаларимиз қўлига етиб борадими?
Ч.Айтматов: – Ушбу муаммонинг бир неча томонлари мавжуд. Аслини қалбакидан ажрата олмаслик ва кўпинча шунчаки, керакли китобни топа олмаслик. Шу боис хаёлларимга эрк бераман. Нега энди, Халқаро китоблар илмий-тадқиқот институти ташкил этишни кечиктирмаган ҳолда, дейлик, дунёнинг исталган мамлакатидагилар обуна бўлишлари учун, халқаро болалар ва ўсмирлар жаҳон адабиёти Кутубхонаси нашрига уриниб кўрмаслигимиз керак?
Икэда: – Бундай ғояни ҳар қанақасига фақат олқишлашим мумкин. Сиз билан ҳамфикрмиз. Айни шу мақсадда биз Парижда Виктор Гюго адабий мемориал ёдгорлигини яратдик. Яхшилик ва ёмонлик ўртасидаги фарқни аниқ ва равшан тасвирлаган беқиёс француз романтикаси каби асарлар жуда оз. Уларда асло панд-насиҳат йўқ, яхшини тақдирлаб, ёмонни жазолаш ҳақида нутқ сўзланмайди.
Ўсмирлик ва ёшлик йилларимда Гюгонинг ижодини ниҳоятда яхши кўриб ўқирдим. Ҳозир ҳам ўша китоблардан кўплаб саҳналар кўз ўнгимдан худди калейдоскоп каби ўтиб туради. Масалан, «Мардудлар»даги полиция ходими Жавертдай шафқатсиз, музюрак одам ўзини Сенага отиб, жонига қасд қилиши саҳнаси мен учун рамзий маънога эга. У хўрланган, ҳақоратланган одамларга ҳамдард ва меҳрибон Жан Валжаннинг олдида маънавий мағлубиятга учрайди.
Гюго ёзади: «У (Жаверт) зулматда қандайдир маънавий қуёшнинг ваҳимали балқиб чиққанини кўрганди; бу уни даҳшатга солди ва кўр қилиб қўйди. Бойқуш бургутнинг кўзлари билан боқишга мажбур бўлди».
Ахлоқ нурини ёвуз кучларнинг қора булутлари қоплаб олса, бутун дунё зулмат қаърига ғарқ бўлади. ХХ аср ҳамма жойда бунинг мудҳиш белгиларини намойиш қилмоқда, шундай экан, улар янги минг йилликнинг остонасида турган инсониятни четлаб ўтиши мумкин эмас.
Айнан шунинг учун ҳам Гюгони имкон қадар кўп ўқиш керак. Орзусини йўқотиб қўйган бугунги одам Гюгонинг асарларини замонга мос эмас, «урфдан қолган», деб ҳисоблашга мойил. Аммо бу нотўғри. Яна ўша тасвирга, «маънавий қуёш»га қайтиб айтиш мумкинки, замонавий одам, қуёш ҳаддан зиёд ёруғлиги учун унинг нурларини айбламоқда. Виктор Гюгонинг бақувват поэтик руҳи эса ҳар турли шубҳалардан ташқари, нафас олишда давом этаётир.
Айтилган гапларга қўшимча равишда яна бир нарсани таъкидлаб ўтмоқчиман: каттароқ авлод, фақат руҳиятидан маҳрум бўлгани учун ёшларнинг куртак отаётган дадил интилишларини оёқ ости қилишига, бу билан уларнинг ижодий қуввати булоғини қуритишига йўл қўйиб бўлмайди.
Энди иш тўғрисида гаплашсак. Лойиҳанинг амалий рўёбини, сиз, ўзингиз қандай кўрасиз? Ишни нимадан бошлаш керак, деб ўйлайсиз?
Ч.Айтматов: – ЮНEСКО раҳнамолигидаги лойиҳамиз атрофида дунёнинг энг яхши болалар ва ўсмирлар ёзувчиларини бирлаштирмай, турли мамлакатлар атоқли ёзувчиларининг энг яхши китобларини ўз ичига олган истиқболли режани мувофиқлаштирмай ва албатта, фаол ишчилар гуруҳини ташкил этмай туриб иш олдинга силжимайди. Умуман олганда, ташкилий муаммолар талайгина. Аммо барчасини ҳал қилса бўлади, чунки бу аслида ҳаётини болаларга бағишлаган «идеалистлар», фидойилар ва холислар уюшмасидир.
Икэда: – Ўзингизни нима қизиқтиришини тушунтириб бероласизми?
Ч.Айтматов: – Болаларни тўғри тарбиялаш. Болалар тинимсиз савол бериб, чарчашади, айниқса, уларга жавоб топиб беролмасангиз. Айрим ота-оналарга, бола уларни атайлаб боши берк кўчага тиқаётгандай туйилади. Бундай ўй билан асабийлашмай бўладими? Ҳаётдан зериккан ва чарчаган катталар учун болалари ўйламаса, яхшироқдай. Аммо бу фожиа-ку! Шунчалик катта фожиаки, таърифлашга тил ожиз. Болаликда табиатнинг беқиёс совғаси – ҳайрат ва англашни бой берган одам келажакда зерикарли умргузаронликка маҳкумдир. Унинг ёзмиши – мазмунсизлик, зерикиш, ишончсизлик.
Икэда: – Фикрингизга тўла қўшиламан. Шунингдек, жаҳон болалар ва ўсмирлар Кутубхонаси дастури кўриб чиқилаётганда, атоқли одамлар ўқув доирасини кузатиб бориш ҳам фойдали эканига ишонаман.
Ч.Айтматов: – Лев Николаевич Толстой ёши бир жойга етганда, болаликдан бошлаб, ўсмирлик, ёшлик ва кейинги ўн йилликда (ҳар ўн йилликни у ўз таржимаи ҳолида муҳим бир босқич, деб ҳисоблаган) ўқигани, ўзида кучли таассурот қолдирган ва бир умрга ҳал қилувчи роль ўйнаган китоблар рўйхатини тузган. Ақлни шоширадиган рўйхат! Кўриниб турибдики, эрта ёшлигида уни Руссо, Шопенгауэр кабиларнинг фалсафий асарлари ўзига жалб этган, аммо уларни тушуниш осон эмасди ва бундан ташқари, фикримизча, ўспирин учун унчалик қизиқ ҳам бўлмаган. Анча кейинги рўйхатларда эса... эртакларни кўрамиз. Мен беихтиёр «ҳайратланиб» гапирмоқчи эдим, лекин мантиқан ўйлаганда, тўғридек кўринган нарсалардан ҳайратланишга чек қўйишнинг вақти аллақачон етмадимикан?
Икэда: – Ҳа, лекин ҳозирги оддий ўсмир, умуман олганда, маънавий қадриятлар буткул беқарор қалқиб турган, унчалик маданий бўлмаган муҳитда яшаётгани ҳақида нима дейиш мумкин? Боз устига, ачинарли томони шундаки, «истеъмолчилар жамияти» ёки яна аллакимлар дидни айнитувчи, ҳаёт ҳақида нотўғри ғояларни сингдирувчи хом асарларни ўқишга мажбур қиладилар, – яна ўша «қулайлик», чунки бола кичиклигидан ибтидоий туйғулар ва фикрлар билан улғайса, уни бошқариш осон кечади.
Ч.Айтматов: – Афсуски, буткул ҳақсиз. Адабиётда «яхши ва ёмон»ни таниб олиш учун одамга кўп вақт, баъзан йиллар керак бўлади. Бир қарашда жуда оддий туюлади, лекин хатбошидан бошлаб, сўзлар таркибини, иборалар тузилишини ва энг муҳими – унда яширинган маънони, сизни бу ёғига нима кутаётганини ва умуман, шу китоб ўзи ўқишга арзиш-арзимаслигини билиш учун қанча куч талаб этилади?
Ким билсин, қанча вақт сийқа, чайналган, бир хил қолипдаги маҳсулотлар чангалзорида судралиб юришга тўғри келаркан! Ёшлар бу чангалзорда узоқ вақт адашиб юрмасликларини, дидактика, риторика, яланғоч декларативлик ботқоғига ботиб қолмасликларини истайман. Аммо буни қандай эплаш мумкин? Яхши тушунаман, менинг хушчақчақ идиллияларим ҳамиша ҳам ҳаётий эмас... Мен ёшларни қандай қилиб яхши ўқувчи бўлишга ўргатиш ҳақида қайғураман. Гётенинг сўзларини эслайман ва шу улуғ ёшимда ҳам қўрқмай тан оламанки, у – Гёте! Шундай қилиб, ўйлайман: ўқиш, ўрганиш – нима ўзи?
Икэда: – Пол Валери Гёте ҳақида айтганидек, уни ҳайратда қолдирадиган нарса, бу – унинг узоқ умр кўриши. Хўш, буни бизнинг мавзумиз – ўқиш санъатига қандай алоқаси бор? Тўғридан-тўғри! «Узоқ умр кўриш», деганда Валери асло яшалган йиллар ҳисобини назарда тутмаган. Гап тириклик йиллари давомида орттирилган маънавий етуклик, тасаввур кучи ҳақида. Бунинг учун инсонни ёшликда бошқалардан ажратиб турадиган юрак қувватини – энтропия қонунига зид равишда – умрбод сақлаб қолиш керак. Бу ёзувчи билан ўқувчига бирдай тегишлидир. Яхши ўқувчи бўлиш ҳам яхши ёзувчи бўлишдай гап, – бу ҳар бир шахс кўтарилиши лозим бўлган маънавий юксакликнинг синоними. Устозим Тода-Сенси: «Китоб ўқиётганда, китоб сизни ўқишига йўл қўйманг», деб такрорлашдан ҳеч чарчамасди.
Бунинг учун тасаввур кучи инсон табиатининг туғма мулки бўлиши шарт эмас. Бирида – кўпроқ, иккинчисида – камроқ, учинчисида...
Ана шу «учинчи» тоифа– тақлид қилишга мажбур, яланғоч жинсий муносабатлар ёки шафқатсизлик, зўравонликни тарғиб қилувчи адабиётларни ўқишни афзал биладиган (албатта, фаҳмига бормай туриб, улар шундай тарбияланган), моҳиятан, асосий мақсад ва истагига эришиш учун ҳар қандай тўсиқларни янчиб ташлайдиган «кучли» қаҳрамон Суперменга ўрнак сифатида қарайдиганлар мени ташвишга солади.
Ч.Айтматов: – Мени ҳам. Тўғри, кечаги қашшоқ, сиёсий руҳдаги адабиётга ёшлар орасида талаб кўп эмас. Уларнинг ранги ўчди. Ёшлар панд-насиҳатни ҳам, декларацияни ҳам, сохта некбинликни ҳам қабул қилмай қўйди. Бу яхши.
Аммо, энг ачинарлиси, бугунги кунда кузатилаётган, муболаға қилишдан қўрқмайман, сиз тилга олган сохта адабиёт: порнография, жисмоний кучга сиғиниш, мистика ва бошқаларга бўлган оммавий иштиёқнинг мавжудлиги.
Сабаби кундай равшан ва тушунарли: тақиқланган мева ширин туйилади. Афсуски, бундан виждонсиз одамлар фойдаланиб қоладилар, ўқувчилар бозорини шундай маҳсулотлар билан тўлдириб, мўрт ёшлар онгидаги бўшлиққа одамзодда ёввойи, ибтидоий инстинктларни уйғотувчи ахлоқсизлик уруғларини сочадилар. Шу ҳамда шу каби Ёвузликлар абадий ва кўп қиррали. Албатта, бизнинг давримизда, бу – «сўз эркинлиги», "ошкоралик" каби "инқилобий" шиорлар ниқоби остида амалга оширилмоқда...
Тақиқлаш билан буни ҳал этиб бўлмайди. Акс натижа бериши мумкин. Хўш, нима қилиш керак? Нимадир қилиш керакку ахир!
Икэда: – Гёте ўз даврида сохта эстетик диффамация билан шуғулланувчи бадният журналистикани қаттиқ қоралаган. У шундай ёзади: «Бу ёмон, деярли ҳамиша салбий, танқид ва эстетика журналистикаси ўртамиёна авлод хусусиятларини оммага тарғиб қилади, аммо истеъдодлилар учун бу зарарли туман, юқоридан тушган заҳар, дарахтнинг ижодий қувватини баргларининг яшил гўзаллигидан тортиб ўзагию, яширин томирига қадар емириб, йўқ қилади» .
Ана шу ерда ёзувчиларнинг маънавий жавобгарлиги ҳақида савол туғилади.
Ч.Айтматов: – Ҳа. Аммо фақат шунинг ўзигина эмас. Ҳар бир оила болаларини ҳар қандай мафкуравий тажовуздан ҳимоя қилиши шарт. Бошқача айтганда, алоҳида таъкидламоқчиманки, бўлажак Кутубхона ғояси ота-оналарни тарбиялаш учундир, зеро, боланинг нима ўқиши уларнинг савиясига боғлиқ.
Икэда: – Олий ҳақиқат ва юксак ҳаётга ҳавас – болаликнинг қонуний мулки, у соф қалбнинг бутун самимияти билан бошдан кечирилади. Ҳаёт ва ўлим, тирикликнинг маъноси ҳақидаги саволлар доимий таъқиб этган пайтлар эсингизда бордир? Бу, шубҳасиз, инсоннинг психобиологик табиатини ўрганишга бўлган дастлабки талаб эди.
Маълум маънода уни қондириш адабиётнинг ҳам зиммасида, унинг вазифаси – савол ёрдамида одамдаги ўзи пайқамаган қизиқишларни уйғотиш, Толстойчасига айтганда, ҳаёт сирларига бўлган муҳаббатни юқдириш. Ёшлар жавобга чанқоқ. Аммо замонавий цивилизация бу чанқовни қондира оладими ёки йўқми, бу – бошқа масала ва шу маънода, ўғлингиз Элдорни мен ҳаммадан кўпроқ тушунаман ва ич-ичимдан ҳис этаман. У сиз билан Японияга келганида, ўн бир ёшда эди. Ёдингизда бўлса, сиз менга бир куни уни жуда ғамгин, чуқур ўйга толган ҳолда қўлида китоб билан кўрганингизни айтгандингиз. Ундан нима бўлганини сўрасангиз: «Дада, бир ярим миллиард йилдан кейин Қуёш сўниб, Ердаги ҳаёт йўқ бўлиб кетаркан. Шундай бўлмаслиги учун нима қилиш керак?” деб жавоб берган. Албатта, боланинг ўйлари содда, аммо бу оламдаги фикрлайдиган мавжудотнинг ҳайратомуз куч-қудратидан далолатдир!
Ч.Айтматов: – Бу кичик воқеани эслаганингиздан ниҳоятда таъсирландим. Ҳақиқатдан ҳам, бундай саволларни замонавий болаларгина бериши мумкин ва аминманки, аввал бунақаси бўлмаган, бўлолмасди ҳам.
Хўш, бу ХХ аср болалари, дейлик, минг йил аввал яшаган тенгдошларидан кўра ақлли, деганими? Гап бунда эмас ва «ақл» ҳақида ҳам эмас. Болаликнинг мангу содда-донишманд қалбига замоннинг фожиалари кириб борди ва бу билан биз фикрловчи катталар биламизки, ердаги ҳаёт йўқ бўлиб кетиши мумкин!
Икэда: – Қўшимча қилмоқчиман. Тан олиш жуда ачинарли, аммо инсоният қадим замонлардан буён "иссиқ" ёки "совуқ" уруш шароитида яшаган, бу пинҳоний хавфсираш, ишончсизлик ва айниқса, бир-бирини душман деб биладиган қўшни халқларнинг очиқ адовати билан намоён бўлади. Бунинг заҳарли илдизи – мавжудликнинг ягона мақсадини англаб етмасликда, ҳамма ва ҳар қандай турдаги миллий, диний, синфий йўл-йўриқлардан баланд илоҳий ҳақиқатга эришиш учун бутун кучни бирлаштириш талаб қилинади. «Уруш»га тортувчи куч – инсоннинг табиати эканига унча ишонмайман. Аммо дунёни билиш, ҳаётни севиш – болаликда ўзлаштириладиган энг яхши фан.
Ч.Айтматов: – Кечирасиз, худди уруш фани каби.
Икэда: – Ҳа, албатта. Бу ерда эҳтиётсизликка йўл қўйиб бўлмайди. Акс ҳолда, бизнинг фарзандларимиз, улардан ўз манфаатлари йўлида ҳеч иккиланмай фойдаланувчи, биринчи навбатда, шубҳасиз, ватанпарварлик, озодлик, қаҳрамонлик каби ёлғон ғояларни онгига сингдириб, тарбиялаб, илҳомлантирувчи сиёсатдонлар ихтиёрига тушиб қолишади. Буларнинг барчаси, афсуски, болалар адабиётининг ёрдамисиз бўлмайди.
Ч.Айтматов: – Китоб ташвиқот воситаси сифатида хавфли нарса. Бундан ташқари, ушбу турдаги, яъни, инқилобий-ватанпарварлик мавзусидаги адабиёт ижодкорлари орасида ҳеч бир шубҳасиз, истеъдодсизлиги яққол кўриниб турганлар бўлган. Аммо улардан ижодий қобилияти энг баланди ҳам муқаррар мантиқ ва мафкурага ихтиёрий қарам бўлган. Уларнинг ёзганлари мафкурага бўлган самимий ишонч билан тўла эди ва тан олиш керакки, ушбу муаллифлар кўзланган мақсадга эришдилар. Айтайлик, ёш авлодни руҳан урушга тайёрлаш. У тугаганидан сўнг, кўп йиллар ўтиб, мен милитаристик ғоя бизнинг ярим бола онгимизга қандай куч билан сингдирилганини англай бошладим. Урушда жонини қурбон қилиш, энг юксак ватанпарварлик жасорати сифатида «бадиий» асарларда сақланади.
Сиз ва мен тенгдошмиз, уруш йилларида Японияда ёшлар китобларидан қандай фойдаланишганини эсласангиз керак. Ахир, сизнинг мамлакатингизда ҳам «жасорат»ни қаҳрамонлаштириш, тасаввур қилишимча, «кўз илғамас» юксакликка кўтарилди.
Баъзан тасаввур қиламан, агар жанг майдонида «Ур-ра!» деган қичқириқлар билан жон берган аскарлар тирилиб келсаю, улардан: «Сиз яна жангга отланишга тайёрмисиз?» деб сўралса, ишонаманки, иккала томонда ҳам бундай «қаҳрамон» топилмаса керак. Инсон онгли ҳаётининг фақат ибтидосидагина таваккал жасорат кўрсатишга тайёр туриши мумкин. Шунинг учун ҳам мафкура инсон қалбини имкон қадар эртароқ, ҳатто болалигидан забт этишга шошилади. Тоталитар турмушда биз буни кўрганмиз.
Бу мафкуравий тузум сўнги йилларга қадар ҳарбий мавзуни баҳолашда ўзгармади. Ўз ижод йўлимда мен ҳам бунга дуч келдим. «Юзма-юз» номли биринчи қиссамни орадан ўттиз йил ўтиб қайта ишладим, қочқоқ йигит ва оиласининг тақдири ҳақида уларнинг хатти-ҳаракатларини руҳий таҳлил қилиш нуқтаи назаридан янги боб қўшдим, мафкуравий сабабларга кўра аввалроқ буни амалга оширишнинг имкони йўқ эди.
Икэда: – Мен сизнинг ижодингиз тўғрисида алоҳида ёзмоқчиман. Япон тилига «Саида қайғуси» деб таржима қилинган «Юзма-юз»номли қиссангизга келсак, мен минглаб тингловчилар олдидаги чиқишларимдан бирида унинг мазмуни ҳақида батафсил гапирганман. Ҳикоя илиқ кутиб олинди. Ростини айтсам, мен жуда хурсанд бўлиш билан бирга, анча олдинги даврда, узоқ мамлакатда бир аёлнинг бошдан кечирганлари, ўз тарихида биринчи марта узоқ вақт фаровонлик ва тинчлик шароитида яшаётган замонавий Японияда шу қадар кучли ҳамдардлик туғдириши мумкинлигидан ҳайрон бўлдим.
Бошқа барча асарларингиз, жумладан, яқинда Японияда нашр этилган «Момо ер» ва маълум маънода «Чингизхоннинг оқ булути» ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. 1990 йилнинг ёзида Япониядаги учрашувимизда биз сиз билан «оналик қудрати»нинг «ҳокимият қудрати»га зидлиги муаммоси ҳақида гаплашган эдик. Сизнинг қаҳрамонларингиз оналар ва аёллар ҳеч қачон шиор кўтариб чиқмайди, урушга бирор-бир ғоявий позициядан норозилик билдирмайди ва айнан шунинг учун ҳам, урушни умумбашарий ёвузлик, одамзодга ёғилган иблисона қарғиш деб билган бу аёллар қалбидаги фарёдлар, қотилликни бўяб-бежаб кўрсатишга уринаётган сохта сўзлар ниқобини йиртишга қодир. Шунинг учун ҳам уларда урушнинг ҳақиқий совуқ қиёфаси даҳшатини кўрсатиб берувчи куч мавжуд.
Бундай аёлларнинг кўзлари – ҳаётнинг кўзлари, воқеликнинг кўзлари. Инсоннинг кўзлари.
Ч.Айтматов: – Болалар ва ёшлар адабиёти мавзусига қайтсак, сўзларингиздан хулосага келиш мумкинки, табиати ва моҳиятига кўра бундай адабиёт ҳаёт мазмуни онанинг ҳис-туйғуларига кўра жонли идрок эттиради ва тушунтиради.
У фарзандига, инсонга, дунёга муҳаббат, ишонч нигоҳи билан қарайди ва ўзида «ахлоқ қуёши»ни акс эттиради, унинг ёрқинлиги сиз ҳақсиз, ашаддий ғояпарастлар учун ғашга тегадиган ва ўта хавфли бўлиб кўриниши мумкин, чунки бу ёш қалбда ҳаётга миннатдорлик ҳиссини уйғотадики, унинг гуллаши, мева бериши олдида, энг замонавий тарғибот ҳам ўзининг антибиологик моҳиятини йўқотади.
Тарғибот ўз йўналишига адабиётни ҳам қурол қилиб олиб, одам табиатига қарши курашади ва шу билан «инсоний матоҳ»дан янги инсониятни яратишдек ваҳшиёна ғояни (тарафдорлар уни инсонпарварликнинг юқори босқичи, «яхши ният» деб атайдилар) илгари суради.
Бу одамлар ҳеч ўзларидан сўраб кўрганмикан: ҳатто ақлдан озган тақдирда ҳам бундай ролни танлаш учун киши ўзини ким деб ҳисоблаши керак? Тарихни яратувчими?
Икэда: – Айтмоқчисизки, бу ғоя...
Ч.Айтматов: – Ҳа, олам яралишидан бўлган. У бизгача ҳам бор эди. Бунақаси ўйлаб топилмайди. Шуни била туриб, биз «илғор таълимот» деб эълон қилинган ва ҳаракат учун қўлланма бўлган ижтимоий-иқтисодий назариянинг маълум бир афзаллигига (абадийлик нуқтаи назаридан) эга бўлган шахснинг қайта қуриш, ҳаётни ўзгартириш борасидаги ҳаддан ташқари ишонувчан васвасасига мавжуд барча кучлар билан қарши туришимиз керак. Бу ерда барча шубҳалар бир томонлама. «Ким биз билан бўлмаса, у бизга қарши». Мана сизга тайёр душман.
Икэда: – Коммунистик шиорларни назарда тутяпсизми?
Ч.Айтматов: – Гап фақат бунда эмас, албатта. Шиор – ҳаракат, ўша тарғиботнинг формуласи. Мен сўнгги босқичда, қаердан келиб чиқишидан қатъи назар, ҳақман, деб даъво қилувчи ҳар қандай узил-кесил тасдиқланишларга шубҳа билан қарайман. Уларда биз билмайдиган нимадир ҳисобга олинмайди.
Икэда: – Аммо, эҳтимол билгандирмиз, энди эса унутганмиз. Қадимги одамлар учун фалсафанинг бир қисми – яхшилик ва ёмонликни фарқлаш бўлган. Ишончим комилки, бу тушунчалар улар учун чалғитувчи ва мавҳум туюлмаган. Замонавийликнинг асосий муаммоси, менимча, инсониятнинг тарихий йўлини ёритувчи идеалларнинг тирик мазмунига қайтиш билан боғлиқ ва болаликка қайтиш керакка ўхшайди.
Ч.Айтматов: – Ўз болалигингизга ҳамми?
Икэда: – Ҳа. Унда қанчалик оғир бўлмасин, (ҳатто баъзан ишониш қийин, қандай умр кечирганимиз, бу – бутун инсоният тарихи) агар ўзимизга руҳий тажриба орқали қарасак, биз болаликни сақлаб қололдик, деб ўйлайман.
Оилада саккиз фарзанд эдик. Мен бешинчисиман. Биз уйда нори тайёрлаш билан шуғулланардик. Ҳали бола пайтимда отам бетоб бўлиб қолди ва оиламизнинг моддий аҳволи оғирлашди. Шундай шароитда бизни тарбиялаш онамга қанчалик қийин бўлганини тасаввур қилиб кўринг.
Аммо онам, йўқчиликка қарамай, руҳан таслим бўлмади ва ҳатто: «Фақирликда биз цумо бўйича ҳақиқий чемпионмиз», деб ҳазиллашарди. Она тимсоли биз болалар учун нақадар руҳлантирувчи куч бўлганини ҳеч қачон унутолмайман!
Японияда оналик туйғусининг нечоғлик гўзаллигини тараннум этувчи шундай матал бор: «Қирғий жазирама кунга, турна қоронғи тунга». Унинг маъноси қуйидагича: полапонининг ҳаётини сақлаб қолиш учун қирғий жазирама даштда ўзини қурбон қилади, турна эса қаноти остида иситиб, тунги совуқдан асрайди.
Яна бир ҳикоя эшитганман, Арманистонда кучли зилзиладан вайрон бўлиб, кўмилиб қолган уйда қизчаси билан қолиб кетган она ҳақида. Олдинда нималар кутаётганини ўйларкан, она аввалига қарор қилади: ўлиш яхшироқ! Аммо қизи овқат талаб қила бошлагач, юраги буйруқ беради: у тирик қолиши учун қўлидан келган ҳамма ишни қилиши керак! Она бармоғини кесиб, чақалоқни ўз қони билан озиқлантиради. Орадан саккиз кун ўтиб уларни топишади ва вайронадан чиқариб олишади.
Бу ҳайратомуз ҳаёт далилини санъатда қайта татбиқ-тортиқ этиш мумкинми? Ўша аёл бошдан кечирган ақл бовар қилмас ҳолатларни адабиёт воситасида тасвирлашга уриниш куфр эмасми? У қандай чидади, нима учун ақлдан озмади?.. Буни сўз билан ифодалаб бўлмаса керак.
Ч.Айтматов: – Ҳа, шубҳасиз. Сиз, менимча, энг оғриқли нуқтадан – санъатнинг фожиавий табиати жиддий синов эканлигидан гап очдингиз. Ҳаммаси санъаткорнинг измидами, дейлик, унга ҳамма нарса учун рухсат берилганми? Агар бу савол ёзувчининг ҳам олдида ҳар лаҳза кўндаланг турмаса, ўшанда у нима билан машғуллигини билгимиз келади. Гап шаклий маҳорат ҳақида эмас, ташқи услуб ҳақида ҳам эмас, менимча, унинг ёрдамида ҳамма нарсани таърифлаш мумкин. Аммо... таърифлаш... Нега унда газетадаги маълумотлар ўқувчини кўпроқ ҳайратга солади?
Бошқа томондан, биз одамлар оналарнинг мислсиз машаққат ва дардларига лоқайд қарашга ҳаққимиз йўқ, чунки уларда – даҳшатли васвасадан ларзага тушган, ақлбовар қилмас фожиалар таъқибида қолган бутун дунёнинг изтироби мужассам. Шундай бўлиши табиий ҳолми? Афсуски, бу ишларнинг ҳаммасида ўз қўлимиз бор.
Икэда: – Сиз айтаётган гапларга инсониятнинг руҳий қуввати дош бера оладими? Дунё барбод – одамлар барбод. Унга дош бериш учун ким бўлиш керак? Эртак қаҳрамоними?
Ч.Айтматов: – Ўйлашимча, тақдир бизга ҳозирлаган шафқатсиз синовларга дош бериш учун биз уларга тайёр бўлишимиз – ўзимизда эпик дунёқарашни тарбиялашимиз керак, шунда қаҳрамонона феъл-атвор табиий ҳаёт тарзига айланади ва шундагина адабиёт замонавий қаҳрамоннинг махсус жасоратини эмас, шунчаки, муҳаббат, қўшничилик ва мардлик қонунларига мувофиқ ҳаёт кечирувчи табиатини ҳеч бир зўриқишларсиз ифода этади.
Икэда: – Боз устига, у истиқболга – «ахлоқ қуёши»ни кўриб қўрқмайдиган ва кўр бўлиб қолмайдиган болаликка мурожаат қилса.
Ч.Айтматов: – Сиз билан суҳбатлашганда идеалист бўлмасликнинг иложи йўқ.
Икэда: – Умид қиламанки, ҳазиллашаяпсиз ва мени хомхаёл идеализмда айбламаяпсиз...
Ч.Айтматов: – Асло. Агар биз бутун жаҳон болалар ва ўсмирлар адабиёти Кутубхонасини орзу қилсак, менимча, унинг асосий ғояси – бир оилада бирлашишга интилаётган катталар ва болалар дунёсининг руҳий уйғониши эканлигини сиз белгилаб бердингиз.
(ДАВОМИ БОР)
Рус тилидан ОЙДИННИСО таржимаси