Президентимизнинг “Аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига кўра, ташкил этиладиган ягона “Call-марказ”ларда чақирувларни қабул қилувчи ходимлар билан бирга шифокор ходимлардан иборат махсус тиббий маслаҳат хизмати фаолияти ташкил этилади.
Раҳбар лавозимларига IT-парклардаги иқтидорли ёшлар орасидан муносиб номзодлар тайинланади, саралаш орқали бемор аҳволи, касаллик тури ва оғирлик даражасига қараб чақирувларга тегишли тиббий бригадаларни йўналтириш тизими жорий этилади. Тез тиббий ёрдамнинг туман (шаҳар) ёки ҳудуд чегарасидан қатъи назар беморгача масофанинг яқинлигига қараб тиббий бригадани йўналтириш йўлга қўйилади.
Республика тез тиббий ёрдам маркази ва унинг ҳудудий филиаллари замонавий бино ва иншоотлар билан таъминланади.
Республика тез тиббий ёрдам марказининг ҳудудий филиаллари ва “Call-марказ”лар жиҳозланади, инфратузилмаси яратилади. Марказий туман (шаҳар) шифохоналари қабулхоналари шошилинч хизмат кўрсатишга ва юқори технологик тиббий жиҳозлар ўрнатишга мослаштирилади. Тез тиббий ёрдам автотранспорт воситаларига радиоалоқа воситалари ва GPS-трекерлар ўрнатилади. Тез тиббий ёрдам бригадалари планшетлар билан таъминланади.
ЎзА