Иссиқ кунлар бошланди, ҳўл мевалар ва салқин ичимликларга эҳтиёж ортди. Бу даврда озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилишда гигиеник талабларга риоя қилмаслик аҳоли ўртасида ўткир юқумли ичак касалликларининг кўпайишига сабаб бўлади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ўткир юқумли ичак касалликларини турли микроорганизмлар келтириб чиқаради. Қўзғатувчисининг турига қараб, касалликлар ичбуруғ, сальмонеллёз, ичтерлама каби номлар билан юритилади.
– Касалликларнинг ёз ойларида кўпроқ учрашига бир қанча омиллар сабаб бўлади, –дейди Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати санитария-гигиена бошқармаси бошлиғи А.Шукуров. – Аввало ҳаво ҳароратининг юқори бўлиши. Бу инсон организмида маълум иммунобиологик ўзгаришлар, яъни ҳимоя воситаларининг кучсизланиши, касалликларга чалинишга замин ҳозирлайди. Одатда ушбу касалликлар бозорларда ҳўл мевалар таъмини татиб кўрган вақтда, яхши сақланмаган ва узоқ муддат туриб қолган овқатларни истеъмол қилганда, мевалар яхши ювмасдан татиб кўрганда, касаллик билан оғриган бемор билан мулоқатда бўлганда, болаларда эса очиқ сув ҳавзаларида чўмилиши, қайнатилмаган сувларни жуда кўп ичиш натижасида ошқозондаги хлорид кислотасининг концентрация пасайиб кетиши оқибатида кузатилади. Баъзилар болага овқатининг ортиқчасини иккинчи марта бериш учун шишаси билан қайнатилган сувга солиб қўяди. Сутнинг илиқ ҳолатда бўлиши микробларнинг кўпайиши учун қулай шароит ҳисобланади.
Ўткир юқумли ичак касалликларининг тарқалишида чивин ва пашшалар ҳам катта роль ўйнайди. Улар ифлос жойларга тухум қўйиб, кўпайиб, касаллик қўзғатувчи микроорганизмни ўзига илаштириб олади ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларига қўниб, микробларни тарқатади.
Шундай экан, ёз мавсумида истеъмол қилаётган маҳсулотларимизнинг сифатига эътибор қаратиш муҳим.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА