Мамлакатимизнинг Токиодаги элчихонаси ва “Uzbekistan Airways” ваколатхонаси вакиллари Япония сайёҳлик агентликлари ассоциацияси (JATA) раиси Хироюки Такахаши билан музокаралар ўтказди.
Учрашувда Япониядан сайёҳлар оқимини қайта тиклаш ва Ўзбекистонга чартер ҳаво қатновларини ташкил қилиш билан боғлиқ масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Музокараларда мамлакатимизда туризмни ривожлантириш соҳасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, чет эллик сайёҳлар учун яратилаётган қулай шароитлар, шунингдек, хорижлик саёҳат ишқибозларининг мамлакат бўйлаб хавфсиз саёҳат қилишлари учун барча зарур чора-тадбирлар кўрилганлиги ҳақидаги маълумотлар тақдим этилди.
JATA раҳбари Ўзбекистон томонининг дипломатия муносабатлари ўрнатилганининг 30 йиллиги доирасида жорий йили чартер ҳаво қатновларини амалга ошириш таклифини қўллаб-қувватлади. Пандемияга қадар Ўзбекистонга япон сайёҳлари оқими салмоқли даражада ортганлигининг ижобий тамойили эътироф этилди.
Япония жамоатчилигининг Ўзбекистонга қизиқиши катта эканлиги алоҳида қайд этилди.
Учрашув якунида япон томони билан жорий йил октябрида Ўзбекистонга JATA делегацияси ташрифини уюштириш ва “Тошкент-Токио-Тошкент” йўналишида август-октябрь ойларида чартер ҳаво қатновларини амалга ошириш бўйича дастлабки келишувга эришилди.
ЎзА