Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси Америка Қўшма Штатларида бўлиб турибди.
Сенат матбуот хизмати хабар беришича, ташрифнинг илк кунида аъзоларимиз АҚШ расмийлари, жамоатчилик ва ишбилармон доира вакиллари билан қатор учрашув, музокаралар ўтказган.
АҚШ Давлат котибининг Фуқаролар хавфсизлиги, демократия ва инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича ўринбосари Узра Зея билан мулоқот чоғида томонлар мамлакатда мажбурий меҳнатга барҳам бериш, одам савдосига чек қўйиш, қишлоқ хўжалиги соҳасини ислоҳ қилиш, бу борада халқаро тузилма ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш бўйича институционал чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Давлат котиби ўринбосари юртимизда мажбурий меҳнатга барҳам бериш борасидаги саъй-ҳаракатни юқори баҳолади. Ўзбекистон қисқа вақт ичида ақл бовар қилмас ютуқларга эришганини, Қўшма Штатлар мамлакатимиздаги ўзгаришларнинг ижобий динамикасини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини таъкидлади.
Йиғилишда эришилган ютуқлар, айниқса, тўқимачилик соҳасида жаҳон бозорида Ўзбекистоннинг рақобатбардошлигини мустаҳкамлаши қайд этилди.
У.Зея Давлат департаменти одам савдоси тўғрисидаги маърузасида мамлакатимизнинг ўрни “назорат остидаги рўйхат”дан иккинчи даражага (Tier-2) кўтарилгани билан қутлар экан, ушбу саъй-ҳаракат давом эттирилишига умид билдирди.
Учрашув якунида томонлар Ўзбекистонда меҳнат муносабатларини янада яхшилаш учун янги лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олди.
ЎзА