Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш ва мономарказлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида жуда долзарб ва муҳим вазифалар олдимизга қўйилди.
Жумладан, кейинги йилларда мамлакатимизда халқ хўжалигининг турли соҳаларида юз бераётган ижобий ўзгаришларга ҳамоҳанг равишда тармоқларни малакали ишчи-кадрлар билан таъминлаш, уларга замонавий касбларни ўргатиш талаб этилади. Гарчи шаҳар-туманларда “Ишга марҳамат” мономарказлари ташкил қилинган бўлса-да, бу тизим ишсизларнинг 5-10 фоизинигина қамраб олаётгани ҳеч кимга сир эмас.
Йиғилишда яна бир муҳим жиҳат – коллеж ва техникумларда ўргатилаётган касблар иш берувчилар талабига мос эмаслиги, натижада улар ишга олган ёшларни қайтадан ўқитишга мажбур бўлишаётгани ҳам таъкидланди. Бундан кўринадики, аҳолига, хусусан, ёшларга касб-ҳунар ўргатишда ҳар бир йўналишга реал ҳаётдан келиб чиқиб ёндашиш талаб этилади. Шу боис касб-ҳунар таълимини замон талабларига мослаштириш бўйича янги тизим жорий қилиниши белгиланди. Маълумки, олий таълим тизимида улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда, жумладан, уларга молиявий мустақиллик берилиши таълим сифатига кескин ўзгариш олиб кирмоқда. Айни пайтда профессионал таълим тизимида ҳам кескин ўзгаришлар қилиниши давр талабидир.
Президентимиз таъкидлаганидек, бундан буён профессионал таълим даргоҳларида психологлар фаолиятини намунали йўлга қўйиш, ўрта мактаб ўқувчиларини касбий диагностикадан ўтказиш ва тавсия асосида йўналтириш, Германия тажрибаси асосида иш жойида ўқитишнинг дуал таълим шакли йўлга қўйилиши, “ҳам ўқиш, ҳам ишлаш” тамойили асосида иш кўриш яқин келажакда ўзининг ижобий натижасини беришига ишонамиз. Бундан ташқари, касб-ҳунар мактабларининг бўй майдонларида турли корхоналарнинг ишлаб чиқариш цехларини ташкил этиш, айрим мутахассисликларни ўқитишни олийгоҳлардан техникумларга ўтказиш, техникумларда олий таълим муассасаларининг кафедра филиаллари ва лабораторияларини ташкил этиш борасидаги фикрлар айни муддао бўлди. Зеро, олий таълим тизимидаги профессор-ўқитувчиларнинг профессионал таълимга жалб этилиши илм-фан ва амалиётни уйғун ҳолда олиб бориш имконини беради.
Яна шуни ҳам таъкидлаш керакки, келгуси йилдан профессионал таълим тизимидаги ўқитувчи ва усталарнинг ойлик маоши, малака тоифаси учун ва устама ҳақларининг оширилиши соҳада меҳнат қилаётган фидойи педагогларни қувонтирди. Келгусида техникумларни йирик саноат корхоналари, хорижий компаниялар ва кластерларга бириктириш, техникумларда халқаро таълим дастурларини жорий этиш, айрим техникумларга бир йилда 2 марта қабул ташкил этиш амалиётини бошлаш, аҳолини касб-ҳунарга ўқитишда хусусий сектор улушини кўпайтириш орқали янада янги марраларни кўзлаб меҳнат қилаверамиз.
Тўйчибой БОЙМАТОВ,
Фарғона вилояти касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаси бошлиғи
ЎзА