Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги Жиззах вилоят ҳудудий бўлими томонидан Жиззах шаҳридаги Президент мактабида матбуот анжумани ташкил этилди.
Анжуман олдидан ўтказилган пресс-турда ўқувчилар учун яратилган шарт-шароитлар, имкониятлар, таълим сифати, эришилган ютуқлар ҳақида маълумот берилди.
Жиззах вилоятида 2022/2023 ўқув йилида туманларда 12 та ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари ва ихтисослаштирилган мактаблар иш бошлаши режалаштирилган.
Айни кунларда ушбу мактабларга педагог кадрларни саралаш имтиҳонларининг иккинчи босқичи бўлиб ўтмоқда. 2 минг нафарга яқин педагоглар иштирок этаётган саралаш имтиҳонлари жорий йилнинг 18 июнь санасига қадар давом этади.
Агентлик тизимидаги мактабларга ўқувчилар қабули жорий йил 20 июнига қадар онлайн “ariza.piima.uz” орқали қабул қилинмоқда.
– Бугунга қадар тизим орқали 11 минг 570 та ариза келиб тушди, – дейди Президент таълим муассасалари агентлигининг Жиззах вилоят ҳудудий бўлими бошлиғи Шоҳида Даманова. – Ана шулардан 1 минг 752 таси Жиззах шаҳридаги Президент мактабига, 9 минг 570 таси ихтисослаштирилган мактабларга, 248 таси ижод мактабларига тўғри келади.
Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларга 2022/2023 ўқув йили учун қабул штабида операторлар ва “Call-марказ” фаолият юритаётган бўлиб, “1206” қисқа рақамлари орқали аҳолидан келиб тушаётган мурожаатларга жавоб берилмоқда ва ҳужжатлар онлайн қабул қилиб олинмоқда.
[gallery-7594]
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА