Қарши шаҳридаги Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги Абдулла Орипов номли ижод мактабига “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси, фалсафа фанлари доктори, профессор, Халқаро тоифадаги Нотиқлик бўйича мураббий Жамила Шермуҳаммедова ташриф буюрди.
Дастлаб Ж.Шермуҳаммедова Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов ҳайкалига ҳурмат бажо келтирди, музейда шоирнинг ижоди, бутун ҳаёти ва шахси акс этган экспонантлар ҳамда фотосуратлар билан танишди, мусиқа тўгарагининг ёш созандалари ижросидаги ўзбек миллий куйларидан, ёш рассомларнинг ижод намуналаридан баҳраманд бўлди.
Фаоллар залида “Маънавият – ёшлар кўзгуси” мавзусида маърифий суҳбат бўлиб ўтди.
Янги Ўзбекистоннинг стратегияси, ёшлар ватанимизнинг янги уйғониш даврини яратишда қанчалик фаол, қанчалик таъсир этаяпти, ҳозирги ёш авлод келажакда ўз истиқболини қандай тасаввур қилади, ёшларнинг мақсад ва орзу-умидлари каби масалалар юзасидан фикр алмашилди. Суҳбат давомида Жамила Шермуҳаммедова ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Учрашувнинг иккинчи қисмида Жамила Шермуҳаммедова томонидан ўқувчилар ва педагог ходимлар учун семинар тренинг ташкил этилди. Тренинг давомида комил инсон тарбияси, маърифатли жамият сари, таълим ва маърифат уйғунлиги, шахс ва унинг жамиятда тутган ўрни ҳақида очиқ, самимий ва қизиқарли руҳдаги жонли мулоқот, шунингдек, ўқувчиларнинг ҳаётга, келажакка бўлган ишончи ва рағбатини янада кучайтиришга қаратилган турли хил психологик машқлар ўтказилди.
Тадбир сўнггида унинг қанчалик даражада самарали бўлгани ёки тадбир бошида кўзланган мақсадга қанчалик эришилгани нималарда намоён бўлади? Ёшларнинг кўзларидаги учқунлардами, мамнунлик ифодаси зоҳир бўлган юз қиёфалардами? Ёки бир сўз айтишга ийманиб ўзини четга тортган ўқувчининг ҳам тадбир давомида орттирган ўз таассуротларини бўлишгиси келганидами? Илҳоми жўшиб шу заҳотиёқ қоғоз қоралаган ёш ижодкорнинг шеърий машқидами?
Тадбир давомида юқоридаги вазифаларнинг барчаси амалга ошди, ўқувчиларнинг шахсий ўсиш борасидаги мақсадлари янада қатъийлашди, орзулари сари ташланган одимлари тезлашгандек, катталашгандек бўлди.
Ўлмас Баротов, ЎзА