Наманган шаҳридаги “Саноат” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги ички кўчаларни асфальтлаштириш ва пиёдалар йўлагини барпо этиш зарур.
Шунингдек, 10-сонли қишлоқ врачлик пунктига қўшимча шифокорлар керак. “Яккатут” маҳалласида эса болалар боғчасини қуриш, аҳолини табиий газ билан таъминлаш, электр энергияси тармоғини янгилаш, маҳалладаги янги аҳоли пунктига электр тармоғини тортиш, йўлларни асфальтлаш каби ўз ечимини кутаётган масалалар бор.
Бу каби муаммо ва масалалар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Барно Мирзамованинг аҳоли билан учрашувлари, очиқ мулоқотлари давомида сайловчилар томонидан қайд этилди.
Ушбу кўтарилган муаммоларнинг аксарияти жойида ҳал қилинган бўлса, муддат талаб қиладиган баъзи муаммолар ва уларнинг ечими назоратга олинди.
Халқ вакилининг “Яккатут” маҳалласидаги учрашувида аҳоли томонидан қўшимча суюлтирилган газ баллон, тикувчилик қилиш учун тикув машинаси билан таъминлаш каби мурожаатлар ҳам бўлди. Ушбу масалаларни мутасадди раҳбарлар иштирокида ҳал қилишга келишиб олинди.
Депутат мазкур маҳалладаги ўрганишлари давомида яқинда иш бошлаган тикувчилик цехини ҳам кўздан кечирди. У ерда меҳнат қилаётганларнинг аксарияти маҳалладаги ишсиз ва “Аёллар дафтари”да рўйхатга олинган хотин-қизлардан ташкил топган. Ушбу мўъжазгина корхона “Яккатут” маҳалла фаоллари ташаббуси билан ташкил қилинган бўлиб, ишсиз хотин-қизлар касб-ҳунар ўрганишяпти, аҳолига тайёр маҳсулотлар арзон нархларда сотилмоқда. Халқ вакили ушбу лойиҳани қўллаб-қувватлаган ҳолда корхона ташкилотчиларига келгуси фаолиятни янада кенгайтиришда ўз кўмагини беришини билдирди.
Бундан ташқари, Барно Мирзамова ўрганишлар жараёнида ҳудуддаги 11-мактабгача таълим ташкилоти фаолияти билан яқиндан танишди. Ушбу муассаса 200 ўринга мўлжалланган бўлса-да, ҳозирги кунда 50 нафар болажонлар қамраб олинган. Чунки мазкур МТТ майдони катта бўлишига қарамай, биноси кам, мавжуд бинолари эса таъмирталаб ҳолга келиб қолган. Боғча мудираси мавжуд муаммоларни айтиб кўмак сўради. Мазкур мурожаатга тегишли ташкилотлар орқали ижобий ечим топиладиган бўлди.
Халқ вакили ҳудуддаги фаолияти давомида катта-кичик ҳар бир масалага алоҳида эътибор билан ёндашди, мурожаатларни ҳал этиш чораларини кўрди, айримларини назоратга олди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА