Ҳар бир миллат ва элат ўз миллий либослари билан кўркам кўринади ва ғурурланади. Аммо бугунги дизайнерларимиз нега ёшлар талабига жавоб бера оладиган, замонавийликни миллийлик билан уйғунлаштира олган миллий либосларни ярата олмаяпти?
Кўпчиликдан шу саволни эшитяпмиз: чиндан ҳам, нега миллий либосларимизни кундалик фаолиятимизда кия олмаймиз?
Балки об-ҳавога мутаносиб либосларни танлаш керакдир ёки доимий кийиш учун чидамли ва қулай мато зарурдир. Миллий либосларимизни фақат байрамларда, тўй-шодиёналарда, кўргазмаларда, келин-куёв бўлганда кийиш одат бўлган. Кундалик фаолиятимизда эса миллий либосларни деярли киймаймиз.
Дарҳақиқат, дунёнинг машҳур брендлари ҳар куни янги услубни тақдим қилади. Замонавий либослар эса бугунги ёшлар талабига жавоб бериши зарур. Акс ҳолда, янги брендларга талаб юқори бўлмайди.
Хўш бизнинг миллий либосларимиз қай даражада замонга мослаша оляпти?
«Агар биз атлас ва адрас деб аталувчи матоларни миллий либос деб олсак, ҳақиқатдан улар табиий ипак матодан бўлиб, экологик тоза ҳисобланади, аммо чидамли эмас, бир икки марта ювилгач, ранги ўзгаради, ўз кўринишини ўзгартиради. Ипаклар ораси йириклашиб, жипслиги йўқолади. Кундалик фаолиятда бир неча бор кийишга ҳаракат қилганман. Аммо бу матони ҳар куни тозалашга беришга имкон бўлмагани учун фақат тадбирларда кийишга одатландим», дейди Қишлоқ хўжалиги институти катта ўқитувчиси Гулнора Валихонова.
Масалан, ҳиндистонликлар ўз миллий либосларини ҳамиша кийиб юрадилар. Деярли барча фильмларида замонавий либослар билан бир қаторда албатта миллий либосларни ҳам кўрамиз. Бу мамлакатда сарийнинг урфдан қолмайди ва ҳинд халқи уни эгнидан туширмайди. Уларнинг либосларида инновацион ёндашувни деярли сезмайсиз. Шунга қарамай, неча асрлардан буён ўзгармаган миллий либосларини кийиб юришларига сабаб уларнинг миллий қадриятлари, либослари, манфаатларига бўлган садоқатидир. Дарҳақиқат, уларнинг миллий либослари Ҳиндистондаги иқлим шароитига мослашганлиги билан аҳамиятлидир. Миллий либосларга садоқат кўрсатишни ҳинд халқидан ўрганишимиз керакдир!
«Атрофдагиларни муносабатига қараб кийинамиз. Дўппи кийган пайтим ўзини замонавий деб ҳисоблаган айрим қизларнинг киноя билан қараганлари ва гапирганларини гувоҳи бўлдим. Шу сабаб дўппи кийишни жуда хоҳласам, кўп кийиб юролмайман. Бораётган жойимга қараб кийишга одатланганман. Яна бир сабаби попоп камзулларимиз бор, халқ тилида «Сурхонча» дейилади. Бу костюмларнинг бошланиш нархи бозорда калта костюми 500 минг сўм, узунроғи 600 минг сўм экан. Бу қўл меҳнати албатта, тайёрлаш осон эмас. Аммо қиммат. 200 минг сўмга мато олиб, костюм тикиб олиш қулайроқ, агар арзон, чўнтакбоп бўлганида, албатта кийган бўлар эдим. Чунки бу турдаги костюм ва камзуллар ҳозир урфда», дейди Андижон давлат университети талабаси Ҳусния Жонибекова.
Маълумки, ер шарида табиий жараёнларнинг тез-тез ўзгариб туриши либосларга эҳтиёж туғдирган. Милоддан аввалги V минг йилликларгача бўлган даврда кийимлар учун ҳайвонлар териси, дарахт пўстлоғи, ўсимликлар толасидан фойдаланилган. У даврларда кийилган кийимларнинг асосий вазифаси киши танасини совуқ ёки иссиқдан ҳимоя қилиш бўлган.
Шу тарзда мато либосларнинг ҳимоя ва ижтимоий вазифаси кенгайиб, ўзгариб борган.
Даставвал, кийимларнинг асосий вазифаси киши танасини совуқ ёки иссиқдан ҳимоя қилиш бўлган бўлса, бугун унинг аҳамияти одамларни кўркам ва чиройли кўринишини таъминлашдагина кўринмоқда. Яширмайлик, бугунги даврда уст-бош, кийиниш услубларига қараб муомала қиладиган, характер-хусусиятларни баҳолайдиган, ижтимоий келиб чиқишимизни тахмин қиладиган бўлдик.
Бунга сабаб шиддат билан ривожланаётган замон талабларими ёки одамларнинг кийимга бўлган муносабати ўзгариб бораётганими? Балки дунё дизайнерларининг ҳар соатда 2 тадан янги услуб ўйлаб топаётгани сабабдир?
Ҳатто шундай аёлларимиз борки, бир тадбирга кийган либосини иккинчи тадбирга киймайди. Услублар, усуллар тез ўзгармоқда. Бир-бири билан рақобатлашаётган брендлар ким ўзарга чиройли, қулай, моделларни тақдим қилиб тўхтамаяпти. Бас, шундай экан, ёшларга ҳам қулай, ҳам арзон ва урфдаги либосларни кийиш ҳар жиҳатдан маъқул келиши табиий ҳол.
Манбалардан кўринадики, миллий либос деганда фақатгина адрас ва ёки атласни, турли дўппиларнигина тушуниш хато, матосидан қатъи назар, тикилиш жиҳатидан ҳам ўзбек миллий либоси деб аталишга ҳақли либослар жуда кўп экан. Ҳатто миллий бош кийимларимиздан бири бўлган дўппининг юздан ортиқ турлари мавжуд экан.
«Шахсан модани ортидан қувмайман, аммо иш жойимга яхтак кийиб, чорси боғлаб ва ёки дўппи, тўн кийиб келишни маъқул кўрмайман. Агар дизайнерларимиз ўзида миллийликни акс эттира олган замонавий раҳбар имижини ярата олишганда эди. Бажонидил кийган бўлардим. Сабаби миллий манфаатларни ўз шахсий манфаатимдан устунроқ қўяман», дейди Архив ишлари бошқармаси бошлиғи Нодирбек Зуҳриддинов.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, бугунги кунда юртимизда фаолият олиб бораётган либос усталарининг фаолияти қониқарли даражада эмас. Улар миллий либосларимизни замонавийлик билан уйғунлаштириб бера олишмаяпти. Айнан тикувчилик ва либос яратиш соҳасида ҳам янги ислоҳотларга эҳтиёж борлигини яширмаслигимиз керак. Умид қиламизки, бозорларимизда бугуннинг ёшлари, замон қаҳрамонларига мос, ўзида миллийликни акс эттирган замонавий либосларни учратамиз!
Камола Абдувалиева, «Миллий тикланиш» партияси
Андижон вилоят Кенгаши раиси ўринбосари