Ўзбекистон иқтисодиётини юксалтиришда мамлакат аҳолисининг 60 фоизини ташкил этувчи 30 ёшгача бўлган ёшларнинг таълим олишига кўпроқ инвестиция киритиш келажак учун муҳим қадам бўлиши таъкидланмоқда.
Бу билан мамлакат нафақат ёшларни иш билан таъминланиш имкониятларини оширади, балки, янада самарали, инновацион ва инклюзив ўсиш учун пойдевор яратади.
Халқаро экспертлар STE(A)M таълимини мамлакатнинг иқтисодий ўсишига керак бўладиган келажак авлодни тарбиялашда, уларда ХХI аср кўникмалари – талабаларда танқидий фикрлаш, муаммоларни ҳал қилиш, ижодкорлик, танқидий таҳлил, жамоада ишлаш ва ташаббускорликни ривожлантиришда жуда катта роль ўйнаши мумкинлигини таъкидламоқда.
Хўш, бу соҳада Ўзбекистон мактабларида вазият қандай?
Президентнинг 2019 йил 29 мартда “Ўзбекистон Республикаси халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони имзоланган эди. Фармон асосида STEM таълимига асосланган Президент мактабларини барпо этиш, янги ўқув дастурлари ва таълим стандартларини ишлаб чиқиш, қолаверса, 2030 йилга бориб PISA халқаро баҳолаш дастурида кучли 30 та давлат қаторида бўлиш каби вазифалар белгиланган.
Мазкур фармон ижросини таъминлаш мақсадида Халқ таълими вазирлигининг А.Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти ҳамда АҚШнинг Шимолий Жоржия университети ҳамкорлигида “Мактабларда STE(A)M ва лидерлик” лойиҳаси амалга оширилди.
Мазкур лойиҳа доирасида инглиз тилида сўзлаша оладиган 26 нафар умумтаълим мактаб раҳбарлари 12 ҳафталик онлайн ва 2 ҳафталик офлайн шаклдаги ўқув машғулотларида иштирок этди, STE(A)M фанларини мактабларга жорий этиш ва лидерлик билим-кўникмаларини ривожлантириш имкониятига эга бўлди.
Кейинчалик, институтнинг мазкур лойиҳаси материаллари асосида сўровга асосланган таълим, лойиҳага асосланган таълим, кейс-муаммоли вазиятларга асосланган таълим, фанлар интеграцияси каби STE(A)M технологиялари асосида жами 16 та видеодарс ишлаб чиқилди ва “Узлуксиз касбий таълим” электрон платформасига юкланди.
Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Инновациялар, технологиялар, стратегия ва инновациялар (ITSM) маркази ҳам ушбу мақсадларга эришиш йўлида фаол иш олиб бормоқда ва мамлакатда ушбу таълимни такомиллаштиришга катта эътибор қаратмоқда.
Хусусан, “Ўзбекистонда STEM мактаби” лойиҳаси доирасида республика бўйича 28 та мактаб (ҳар бир вилоятдан 2 та мактаб) STEM мактаблари сифатида танлаб олинди.
Бу борада амалга оширилаётган лойиҳалар тўғрисидаги ахборотларни кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида А.Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти, АҚШнинг Шимолий Жоржия университети ҳамда Инновация, Технология, Стратегия Маркази (ITSM) билан ҳамкорликда "Ўзбекистон мактабларида STE(А)М: бугуни ва эртаси" мазусида халқаро онлайн конференция ўтказилди.
Конферецияда соҳа вакиллари, профессорлар ҳамда мамлакатимиз умумтаълим мактаби директорлари иштирок этди.
Унда А.Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти ва Инновация, Технология, Стратегия Маркази (ITSM) томонидан амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, “Мактабларда лидерлик ва STE(A)M” лойиҳаси доирасида мактаб директорларининг психологик портретини ишлаб чиқиш бўйича амалга оширилган тадқиқот натижалари эълон қилинди.
Шунингдек, STEM мактаблари ўқитувчилари учун маҳорат дарслари ўтказиш ва ўз мактабларида мазкур таълимни ташкил этиш ва бошқариш бўйича мактаб директорларининг билим-салоҳиятларини ошириш борасида фикр алмашилди.
ЎзА