Сирдарё туманида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов бошчилигида навбатдаги сайёр қабул ўтказилиб, фуқароларнинг 371 та мурожаати тингланди. Энг кўп мурожаат — 277 таси туманнинг ўзига тўғри келди, қолганлари эса Гулистон шаҳри, Боёвут, Сайхунобод, Оқолтин, Ховос ва Сардоба туманларидан бўлди.
Мурожаатлар асосан уй-жой билан таъминлаш ва таъмирлаш, моддий ёрдам, газ ва ичимлик суви таъминоти, ипотека ва кредит тўловларига ёрдам, ер ва кадастр масалаларига оиддир. Қабул давомида фуқароларга қонунчилик ва амалдаги тартиблар юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Ҳар бир мурожаат юзасидан масъул ташкилот ва мутасадди раҳбарлар аниқланиб, муаммоларни ҳал этиш бўйича аниқ муддатли топшириқлар берилди. Шунингдек, қабул манзилида адлия бошқармаси томонидан сайёр давлат хизматлари кўрсатилди, бандликка кўмаклашиш марказлари ва тижорат банклари томонидан бўш иш ўринлари таклиф этилди.

Қабул жараёнида 50 га яқин фуқарога бандлигини таъминлаш мақсадида корхона ва ташкилотларга йўлланмалар берилди.
Якунда Эркинжон Турдимов мутасадди раҳбарларга мурожаатларни белгиланган муддатда ва сифатли ҳал қилишни топширди. Унинг сўзларига кўра, 10 кундан сўнг мурожаатларнинг ижро ҳолати вилоят ҳокимлигида муҳокама этилади.
Сирдарёда ўтказилаётган сайёр қабуллар аҳоли билан очиқ мулоқотни таъминлаш, муаммоларни жойида ҳал қилиш ва тизимли ечимларни топишда муҳим майдонга айланмоқда.
Ғулом Примов, Шаҳриёр Ортиқбоев (сурат), ЎзА мухбирлари