Ижтимоий тармоқлардан фойдаланганда ҳар биримиздан эҳтиёткорлик талаб қилинади.
Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманида истиқомат қилувчи Г.Қ. ва Г.А. “Телеграмм” ижтимоий тармоғида Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқланган диний маъруза тарқатиш орқали жиноятга йўл қўйган. Жиноят ишлари бўйича Хўжайли туманининг навбатдаги суд мажлисида мана шу жиноий иш кўриб чиқилди.
Маълум бўлишича, судланувчи Г.Қ диний қизиқиши туфайли “Телеграмм” ижтимоий тармоғи орқали ўзининг “Samsung J5” русумли мобил телефонига Рафиқ Камаловнинг 8 март байрами ва унинг тарихи ҳақидаги “2_5339054376570850013” деб номланган ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган диний маърузани юклаб олиб, 2021 йилнинг 8 март куни телеграмм каналидаги 24 нафар аъзоси бор “Тuwisqanlar” гуруҳига тарқатган.
Судланувчи Г.А. ҳам “Телеграмм” ижтимоий тармоғидаги “you tube” орқали ўзининг “Samsung J4” русумли мобил телефонига ушбу диний маърузани юклаб олиб, 2021 йилнинг 8 март куни телеграмм каналидаги 16 нафар аъзоси бор “Синфдошлар 9г” гуруҳига тарқатган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитаси хулосасига кўра, “2_5339054376570850013” файлидаги маълумот ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган бўлиб, уни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқланган.
Шундай қилиб, улар юқоридаги ҳаракатлари билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 2441-моддаси 3–қисми “г” бандида назарда тутилган жиноятни қасддан содир қилган. Судланувчиларга жазо тайинлашда қилган ишидан пушаймонлиги, айбига иқрорлиги, муқаддам судланмаганлиги, биттасининг оиласидан ажралганлиги, вояга етмаган фарзанди борлиги, яшаш жойидаги маҳалла раиси ва профилактика инспектори томонидан берилган яхши тавсифномага эга эканлиги ҳисобга олинди.
Суд ҳукми билан Г.Қ. ва Г.А.га Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 2441-моддаси 3 –қисми “г” банди билан Жиноят Кодексининг 57-моддасини қўллаб 4 йил муддатга озодликдан чеклаш жазоси тайинланди.
И.АЛЛАНИЯЗОВ,
жиноят ишлари Хўжайли тумани суди раиси.
ЎзА