Бугун маданий мерос объектлари қандай назорат қилинмоқда?
Юртимизда Ислом дунёси тан олган алломаларнинг мақбаралари, табаррук қадамжолари кўп.
Ҳозирга қадар мамлакатимизда 8 минг 210 та моддий-маданий мероснинг кўчмас мулк объекти давлат муҳофазасига олинган бўлиб, шундан 4 минг 788 таси археология, 2 минг 265 таси архитектура, 625 таси монументал санъат асарлари, 530 таси диққатга сазовор жойлар ҳисобланади.
Хўш, бугун юртимизда маданий мерос объектларининг назорати қай даражада таъминланган?
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йил туризмни ривожлантиришга бағишланган видеоселектор йиғилишида таъкидланишича, Ўзбекистонда ўтган 30 йилда маданий мерос объектларига етказилган зарар миқдори 4 триллион сўмдан ошган.
Хусусан, Тошкент вилояти Маданий мерос бошқармаси томонидан 2020-2021 йилларда ҳудудларда хатлов олиб борилган. Натижада Паркент туманидаги «Култепа» археология ёдгорлигига қарашли ерда хом ғишт ишлаб чиқарилаётгани маълум бўлган.
Шунингдек, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги маълум қилишича, Термиз туманидаги «Қоратепа», «Фаёзтепа» «Термиз шоҳлар» саройи каби ўнлаб жаҳонга машҳур обидаларни қамраб олган «Эски Термиз» археологик ҳудудининг 500 гектарлик умумий ер майдони Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги тегишли қарори билан давлат муҳофазасига олинган. Шунга қарамасдан, Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида фаолият кўрсатаётган “Complex Technical Services” МЧЖ томонидан ўзбошимчалик билан тупроқ олиш натижасида термизлик буюк аллома Абу Бакр Варроқ Термизий қабри, шу билан бирга ҳудуддаги қарийб 3 гектарлик эски қабристон ҳам бузилган.
Маданий мерос агентлиги Хоразм вилояти бошқармаси мутахассислари томонидан олиб борилган мониторинг натижасида эса «Дишан қалъа» меъморий архитектура ёдгорлиги деворининг бир қисми хусусий хонадон ичига қулаб тушганлиги аниқланган.
Хоразм вилояти Урганч шаҳрида ягона саналган, меъморий, эстетик ва ижтимоий-маданий қимматга эга бўлган диний, тарихий обида «Дошқинжон бобо зиёратгоҳи» атрофида 2018 йил октябрь ойида олдида қурилиш ишлари бошлаб юборилиши, унинг олдида катта чуқур қазилиб, пойдевор қилингани ва бу ҳудуд тўсиб қўйилгани ҳам кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган эди.
Шунингдек, 2021 йилнинг октябрь ойида Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси Маданий мерос бошқармаси томонидан ўрганиш ишларига кўра, Хўжайли туманида жойлашган маданий мерос объекти Миздакхон мажмуаси таркибига кирувчи Халифа Ражаб мақбарасининг муҳофаза ер чегараси ҳудудига марҳум қўйилиб, ноқонуний қабристонга айлантирилгани аниқланган. Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
МАДАНИЙ МEРОС АГEНТЛИГИ ФАОЛИЯТИ ҚОНИҚАРЛИМИ?
Ўзбекистон халқининг бой тарихи ва маданиятини акс эттирувчи ноёб ва нодир маданий меросни асраб-авайлашни кучайтириш, соҳани рақамлаштириш, инновацион ривожлантириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, жаҳоннинг илғор тажрибаларини самарали қўллаш мақсадида Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузурида Маданий мерос агентлиги ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари ташкил этилди.
Моддий-маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, аниқлаш, ҳисобга олиш, тарғиб қилиш, давлат реестри, электрон каталоги, паспорти ва давлат кадастрини юритиш, қўриқланадиган теграларини белгилаш каби қатор чора-тадбирлар Агентликнинг асосий вазифаларидир. Агентликка моддий маданий мерос, музейлар, археология, маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши соҳасида махсус ваколатли давлат бошқарув органи мақоми берилди.
Шунингдек, Агентлик соҳага оид қонунчилик ҳужжатларининг бузилишига йўл қўймаслиги ёки қонун бузилишларини бартараф қилиш ҳақида тегишлича ёзма равишда огоҳлантиришлар ва ижро этилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш ваколатига эга.
Агентликка қонун бузилиши ҳолатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш ҳамда айбдор мансабдор шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўриш тўғрисидаги кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномаларни киритиш ҳуқуқи берилган. Агентликнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурийдир.
Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги, Бош прокуратура, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданий мерос инспекцияси мутахассисларининг ўрганишлари мобайнида маълум бўлишича, моддий маданий мерос объектларига жуда катта миқдорда зарар етказиш ҳолатлари ва давлат муҳофазасига олинган айрим археологик объектлар йўқ бўлиб кетган.

Айрим ҳолларда Давлат бюджети маблағлари ҳисобига маданий мерос объектларида амалга оширилаётган ишлар реставрация қилиш талабларига зид равишда олиб борилиб, уларнинг тарихий ва бадиий қимматига кўп миқдорда зарар етказилган.
Жорий йил Маданий мерос агентлиги ҳамда Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг ҳудудий Кадастр бош бошқармалари билан жами 2 минг 703 та Маданий мерос объектларининг давлат рўйхатидан ўтказиш ва кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш учун 6,3 миллиард сўмлик тўғридан-тўғри шартнома тузилди.
Ҳозирги кунда, 7 минг 557 та Маданий мерос объектининг давлат кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилган. 561 та объектнинг кадастр ҳужжатлари тайёрланмоқда. Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини қайта шакллантириш учун Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритилди.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Маданий мерос агентлиги директори Шаҳриёр Нуруллоев қатнашган матбуот анжуманида маълумот берилди.
Маданий меросни мукаммал асраш консервация, реставрация, таъмирлаш ишлари ЮНEСКОнинг тегишли конвенцияларини мукаммал ўрганиш, реставраторлар олий мактабини яратиш, соҳа мутахассисларининг билимларини доимий ошириб боришдек масала билан бевосита боғлиқдир.
Маданий мерос объектлари нафақат тарихий обида, туризм объекти, балки миллатимизнинг буюк тарихи, маданиятини акс эттирган бебаҳо бойликдир. Уларни асраш эса барчамизнинг вазифамиздир.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА