Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ҳамид Ғулом 1919 йил 25 апрелда Тошкент шаҳрида туғилган.
Шоир, носир ва драматург Ҳамид Ғулом Ўрта Осиё индустриал институти ва Тошкент педагогика институтида таҳсил олган.
У бир қатор марказий газеталарда, Ўзбекистон Давлат нашриётида, Радиода масъул вазифаларда ишлаган. Шунингдек, йирик ижтимоий-сиёсий, адабий-бадиий журнал “Шарқ юлдузи”га бош муҳаррирлик қилди. Узоқ йиллар Ғ.Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида директор бўлган.
Ҳамид Ғулом адабиётга ўттизинчи йилларнинг ўрталарида ўзига хос шеърлари билан кириб келди. Ёш шоирнинг ижоди Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Мақсуд Шайхзода таъсирида камол топди.
Ҳамид Ғулом кейинчалик ёзган “Қўшиқларим”, “Днепр бўйида”, “Ғалаба йўлида” асарларида халқимизнинг фашизмга қарши курашдаги қаҳрамонликлари тасвирланган. Ўқувчилар унинг “Машъал” романи, “Олмос қизи”, “Ёзёвон” повестлари, “Тошкентликлар” асарлари яхши билади. Адибнинг “Вафонинг узун йўли” хотиралар тўплами ҳам китобхонлар томонидан қизғин кутиб олинган.
Ҳамид Ғулом 1998 йилда “Эл-юрт ҳурмати”, 2004 йилда “Меҳнат шуҳрати” орденлари билан мукофотланган. У 2005 йил оламдан ўтган.
***
PS: Сайтимизда ташкил этилган “Бугун туғилган кун” лойиҳасида турли соҳаларда мамлакатимиз равнақига ўз ҳиссасини қўшган, қўшаётган инсонлар, давлат ва жамоат арбоблари, академиклар, эл севган ижодкорлар ҳамда касби, танлаган йўлида юқори натижаларга эришаётган ватандошларимизнинг туғилган кунлари ёдга олинади.
Мазкур рукнга оид фикр-мулоҳазаларингиз, таклиф ёки қўшимчаларингиз бўлса, қуйидаги манзилларга мурожаат қилишингиз мумкин.
Телеграм: @UzA_pochta, @Ikrom_Avvalboyev
E-mail: pochta@uza.uz, uzauz@yandex.ru
Телефон: (71) 233-42-84, (71) 233-21-37
Сайтимизни кузатиб боринг!