Беларусь Республикаси Бош вазири Роман Головченко мамлакатимизга ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ҳамроҳлигида пойтахтимиздаги Ғалаба боғига келди.
Юксак мартабали меҳмонга Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган мазкур йирик иншоот тарихи тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Шундан сўнг Беларусь ҳукумати раҳбари “Матонат мадҳияси” мажмуасига гул қўйди.
Иккинчи жаҳон урушида беш ўғлидан айрилган жафокаш ва матонатли она – Зулфия ая Зокирова, унинг садоқатли келинлари ва етим қолган набиралари хотирасига бағишлаб барпо этилган мазкур ёдгорлик халқимизнинг урушдаги йўқотишлари, ғалабага қўшган улкан ҳиссаси тимсоли сифатида боғ марказидан ўрин олган. Мажмуани зиёрат қилиш барча Ўзбекистон оналарига юксак ҳурмат-эҳтиром ифодасидир.
Р. Головченко ва А.Арипов боғ марказидаги “Шон-шараф” музейида ҳам бўлдилар. Меҳмон музей экспонатлари билан яқиндан танишди.
Таъкидлаш керак, Беларусь Бош вазири Ғалаба боғи ва “Шон-шараф” музейи бўйлаб саёҳатини юқори баҳолаб, мазкур объектлар унда катта таассурот қолдирганини эътироф этди.
Роман Головченконинг Ўзбекистонга ташрифи давом этмоқда.
Улуғбек МАҲМИРЗАЕВ,
ЎзА мухбири