
ФОТОРЕПОРТАЖ
Боботоғ – Сурхондарё вилоятининг шарқидаги тоғ тизмаси бўлиб, Ўзбекистон ва Тожикистон Республикалари чегарасида, Сурхондарё ва Кофарниҳон дарёлари оралиғида шимоли шарқдан Жануби ғарбга томон Амударё соҳилигача чўзилган. Узунлиги қарийб 125 километр, эни 30-40 километрни ташкил этади. Энг баланд чўққиси – Заркоса тоғи, 2290 метрдан иборат.
Тоғ тизмаси асосан палеоген ва юра даври оҳактошлари, гил, алевролит, қумтошлардан таркиб топган. Шарқий ён бағри тик ва энсиз, тоғолди текисликлари Кофарниҳон дарёси террасаларида жойлашган. Ғарбий ён бағри анча ётиқ ва кенг, асосий қисми паст тоғлардан иборат. Боботоғнинг ён бағирлари кўплаб қуруқ сойлар билан парчаланган. Иқлими қуруқ ва кескин континентал. Ўртача йиллик ҳаво ҳарорати тоғ этакларида 16, ўртача баландликларда 8-10 градусни ташкил этади. Йиллик ёғин миқдори 170 миллиметрдан 350-400 миллиметргача. Тоғ ён бағирларида булоқлар, қиш ва баҳорда тўлиб оқиб, ёзда қуриб қоладиган сойлар бор.
[gallery-6631]
Бўз ва жигарранг тоғ тупроқларида хилма-хил эфемер, эфемероид ўсимликлар ўсади. 800-900 метр баландликларда наъматак, зирк, бодом ва пистазорлар учрайди. Ундан баланд жойларида (Бешарча, Заркоса тоғлари) арчазорлар бор. Боботоғ – Ўзбекистоннинг ёввойи тоғ эчкилари яшайдиган ҳудудларидан бири саналади. Тоғ олдилари кенг яйловлардан иборат.
Боботоғнинг Кофарниҳон водийсида суғориладиган деҳқончилик яхши ривожланган. Бу жойларда алоҳида муҳофаза қилиниши зарур бўлган ландшафт кўп.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат),ЎзА