
Дунёда футбол академиялари бисёр. Улар турли таснифларга бўлинади. Аммо, ёш чарм туп усталари учун барча қулайликларни ўзида мужассам этган халқаро талабларга жавоб берадиган икки юлдузли профессионал футбол академиялари алоҳида ажралиб туради.
Бундай мақомдаги «футбол фабрика»лари барчамизга маълумки, Европада талайгина. Улар ҳақиқий маънода жаҳон футболининг келажак юлдузларини тарбиялаётган, етиштириб бераётган маскан сифатида тобора танилиб бормоқда Шу боисдан ҳам кўҳна қитъада ҳар мавсумда янги-янги яшил майдон кашфиёти бўлган футболчилар кўриниш бермоқда. Футбол жозибасини оширмоқда.
Эътиборлиси, кейинги йилларда Осиё қитъасининг бир қатор давлатларида хам икки юлдузли футбол академиялари сони ва сифати кўпаймоқда.
Япониядаги «Фукушима», «Гамба Осака», «Кашима Антлерс», Жагубий Кореядаги «Сеул» ФК, Эрондаги «Зоб-Ахан», Австралиядаги «Уэстерн Сидней Уондерерс» (Австралия) академиялари Осиё футбол конфедерацияси мазкур таснифга киритган академиялар саналади.

Биз, ўзбекистонликлар учун қувончлиси, мамлакатимизда футболга давлат томондан алоҳида эътибор, олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, тактик ва техник ишларнинг тўғри ташкил этилиши натижасида қисқа фурсатда «Бунёдкор» футбол академияси ОФКнинг икки юлдузли мақомига лойиқ кўрилди. Ва бу, Марказий Осиёдаги биринчи ҳамда ҳозирча ягона икки юлдузли академия сифатида тарихдан жой олди.

Маълумки, «Бунёдкор» футбол клуби «Жар» стадионидан пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги собиқ МҲСК ўйингоҳи ўрнида ва унга туташ ҳудудда янги барпо этилган замонавий мажмуага кўчиб ўтгач, клуб қошидаги футбол мактабининг имкониятлари ошди. Тўртта табиий, учта сунъий қопламали ФИФА андозаларидаги майдонлар, барча шароитларга эга ётоқхона, турли фанлар йўналишига мослаб жиҳозланган ўқув хоналари, ошхона, бассейн, тренажёр ва спорт заллари, тиббий марказ бунёд этилди. Буларнинг бари ёш футболчилар ихтиёрига топширилди.

«Бунёдкор» академиясининг кўплаб тарбияланувчилари бугунги кунда мамлакатимизда ва хориж жамоаларида муваффақиятли тўп тепишмоқда. Элдор Шомуродов, Достон Ҳамдамов, Отабек Шукуров, Жасур Жалолиддинов, Сардор Рашидов, Рустам Ашурматов, Нурилло Тўхтасинов, Ислом Қобилов, Санжар Қодирқулов, Расул Йўлдошев, Хуршид Ғиёсов, Суҳроб Иззатов, Миржаҳон Мираҳмадов, Дилшод Аҳмадалиев ва бошқалар «Бунёдкор» академиясида тарбия топишган. Бугунда ҳам яна янги номлар кашф этилиши давом этмоқда.
2022 йилнинг илк кунлариданоқ «Бунёдкор» ФКда янги футбол мавсумига тараддуд бошланганди. «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси, клуб президенти Меҳриддин Абдуллаев раислигида жорий йил аввалида ташкил этилган йиғилишда асосий таркибнинг бир қатор тажрибали аъзолари бошқа жамоаларга ўтиб кетганликлари туфайли, уларнинг ўринини тўлдириш жараёнида устуворлик академия битирувчиларига қаратилиши асосий вазифа этиб белгиланди.

- Мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама салоҳиятли инсонлар бўлиб вояга етишиши учун кўплаб дастурлар, кенг миқёсли ишлар олиб борилмоқда. Яқинда давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган «Маҳаллаларда ёшларни оммавий спортга жалб қилишни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор истеъдодларни кашф этиш, уларни саралаш тизимига қувват бағишлаши шубҳасиз. Бу, ўз академиясига эга биздек клуб учун ҳам айни муддао бўлди. Катта селекция майдони яратилди. Имкониятларимиз кенгайди. Бундан буён таркибдаги йўқотишларнинг ўрни клубнинг ўз тарбияланувчилари орқали тўлдирилиши янада яхшиланади, - дея таъкидлайди М.Абдуллаев.
«Бунёдкор» футбол клуби, мураббийлар штаби жорий йил футбол мавсумига қизғин тайёргарлик кўрди. Аввалдан тайёргарлик режаси ишлаб чиқилди. Шу асосда академиянинг кўзга кўринган барча иқтидорлари назорат ўйинлари орқали синовдан ўтказилди. Саралаб олинган ёшлар билан жорий йилнинг илк ойларида Туркиянинг Анталия шаҳрида ўқув-машғулот йиғини ташкил этилди. Йиғин давомида Украина, Арманистон ва Россиянинг номдор жамоаларига қарши синов-назорат учрашувлари ўтказилиб, халқаро ўйинлар орқали тобланган ёшлар қисқа вақт ичида «Бунёдкор»нинг етакчиларига айланишди. Жаҳонгир Ўрозов, Музаффар Олимжонов, Умарали Раҳмоналиев бош мураббий Шуҳрат Мақсудов билдирган ишончни оқлашмоқда. Гарчи улар Суперлигада асосий таркиб ўйинчилари сифатида илк мавсумларни ўтказаётган бўлсаларда, ишонч билан ҳаракат қилмоқда. Суперлиганинг ҳар туридан сўнг рамзий терма жамоа таркибига киритилмоқда.
Ўз тарбияланувчиларига таянаётган клубнинг тутган йўли қанчалик тўғри эканлигини бу йилги Суперлигадаги натижалар ҳам кўрсатиб турибди. Ортда қолган 4 та тур учрашувларидан кейин «Бунёдкор» «Навбаҳор» билан 4-5-ўринларни бўлишиб турибди. Асосийси, бу натижа юлдузли таркиб билан эмас, балки ёш тарбияланувчилар ҳаракатида қайд этилмоқда.
Ёшлар лигасида иштирок этаётган «Бунёдкор» ўринбосарлари Абдуҳамид Қодиров мураббийлигида тўртта учрашувнинг барчасида ғалаба нашидасини суриб, турнир жадвалида якка пешқадам бўлиб турибди.
- «Бунёдкор»нинг икки юлдузли профессионал футбол академиялари сафидан жой олиши давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган «Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармоннинг тегишли бандлари ижроси бўлди. Қолаверса, ушбу тарихий ҳужжати асосида жорий йилдан Европа жамоалари, хусусан Хорватия футбол академиялари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш борасида ишларни бошлаб юборганмиз. Мақсад, юртимизнинг иқтидорли ёш футболчиларига кўҳна қитъа футбол майдонларига тўғридан-тўғри кириб боришига шарт-шароит яратиш, - дейди «Бунёдкор» футбол клуби бош директори Улуғбек Мирзаев.
Бунёдкорчиларнинг саъй-ҳаракатига, сўзда эмас, амалдаги ишлар кўламига эътибор қаратиб, Ўзбек футболининг ўз Пелеси, ўз Марадоналари, ўз Зиданлари яқин келажакда бўй кўрсатишига ишонгинг келади.
Энг муҳими, Марказий Осиё давлатларидаги футбол академиялари орасида биринчилардан бўлиб «Бунёдкор»нинг профессионал футбол академиялари қаторига қўшилиши жорий йилда 110 йиллигини нишонлаётган Ўзбек футболининг катта шодиёнаси олдидан муносиб тўёна бўлди.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА