Қадим ва бой тарихга эга Ўзбекистонда тарихий обида, зиёратгоҳ ва маданий ёдгорликлар жуда кўп.
Улар халқимизнинг ўтмишини ўзида мужассам этган миллий қадриятларимиз намунаси, халқимизнинг бебаҳо мулки ҳисобланади. Ана шундай масканлардан бири Пахтаобод туманидаги “Ховускон ота” зиёратгоҳидир.
Андижон вилояти маданий мерос бошқармаси мутахассисларининг таъкидлашича, вилоятда 422 та тарихий ва маданий мерос объектлари рўйхатга олинган. Улардан 221 таси археологик, 74 таси меъморий ёдгорликлар, 42 таси монументал санъат ёдгорликлари, 85 таси диққатга сазовор жойлар ва зиёратгоҳлар ҳисобланади.
Пахтаобод тумани Учкўза қишлоғида жойлашган “Ховускон ота” зиёратгоҳи қадимий ёдгорликлардан бири саналади. Бу ерда қатор археологик тепаликлар, шифобахш булоқлар мавжуд. Мутахассислар тарихий-археологик манбаларга кўра, Ховускон тепаликлари тарихи эрамиздан аввалги минг йилликларга бориб тақалишини қайд этган. “Миён Рудон” (икки дарё оралиғи), Норин ва Қорадарё оралиғидаги қадимий шаҳарлардан бири бўлганлиги таъкидланади.
[gallery-6603]
Ҳозирда сақланиб қолган майдони 7-8 гектарни ташкил этади. 1960-1970 йилларда тепаликларда археологик тадқиқот ишлари ва изланишлар олиб борилган. Энг баланд тепаликдаги ғор исломдан аввал оташпарастларнинг муқаддас ибодатхонаси ёки ёнғиндан талофат кўрган улкан қалъа иншоотларидан бири бўлган дея тахмин қилинади. Икки дарё оралиғидаги барча шаҳарлар каби Ховускон тепаликлари ўрнида бўлган шаҳар ҳам ўрта асрларга келиб ўзаро урушлар, табиий офатлар натижасида вайронага айланган. Кейинчалик тепаликлар ва шаҳарнинг асосий қисми қабристонга айланган.
Бу маскандаги минерал ва микроэлементларга бой шифобахш булоқ сувлари инсон жисмини поклайди, кўп дардлардан халос этиши ҳақида ривоятлар бор. Ана шу шифобахш булоқлар туфайли қадимий шаҳар харобалари орасида муқаддас зиёратгоҳ юзага келди. “Ховускон ота” зиёратгоҳи ҳозирда маданий мерос объекти сифатида давлат муҳофазасига олинган ва вилоят сайёҳлик йўналишига киритилган.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА