Бу ҳақда Президентимизнинг жорий йил 4 апрелдаги “Осиё тараққиёт банки иштирокида автомобиль йўлларини реконструкция қилиш лойиҳаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорида қайд этилган.
Мазкур қарорда халқаро талаб ва стандартларга жавоб берадиган миллий автомобиль йўлларни қуриш ва реконструкция қилиш, республика ҳудудларини боғловчи автомобиль йўллари тармоғини кенгайтириш ва йўл инфратузилмасини янада ривожлантириш, шунингдек, йўловчилар ва юкларни халқаро, транзит ва республика миқёсида ташиш самарадорлигини ошириш мақсадида қатор чора-тадбирлар белгиланган.
Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонга “Миллий автомобиль йўлларини ривожлантириш” лойиҳасини амалга ошириш учун 24 йил муддатга, шу жумладан тўрт йиллик имтиёзли даврга 273,8 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит ажратади.
Шундан 183,8 миллион АҚШ доллари “Дарбанд – Бойсун – Элбаён” автомобиль йўлининг 5-70 км ва “Мангузар – Жарқўрғон – Бандихон – Олтинсой – Денов” автомобиль йўлининг 128-174 км қисмларини реконструкция қилиш лойиҳасини амалга оширишга йўналтирилади.
Шунингдек, Сурхондарё лойиҳасини амалга оширишга 90 миллион АҚШ доллари йўналтирилади. Шу билан бирга “Ғўзор – Бухоро – Нукус – Бейнеу” автомобиль йўлининг 228-315 км қисмини реконструкция қилиш лойиҳасини якунлашга сарфланади.
Қайд этилишича, лойиҳани амалга ошириш муддати 6 йил.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА