Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги мактаблар ўқувчилари ўртасида бўлиб ўтган “Diplomacy Education” танловининг натижалари эълон қилинди.
Унга кўра, агентлик тизимидаги мактабларнинг 10 нафар ўқувчиси Италияга бориш имкониятини қўлга киритди.
Ғолибларни эълон қилиш маросими гибрид шаклда ўтказилиб, унда агентлик раҳбари Ҳилола Умарова, Ўзбекистон Республикасининг Италиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Отабек Акбаров, “Global Action” ташкилоти раҳбари Пиерфранcесcо Торриси ва ғолибликни қўлга киритган ўқувчилар иштирок этишди.
– Агентлик томонидан хорижий ҳамкорлар билан бир қатор лойиҳалар устида иш олиб борилмоқда. Ўзбекистоннинг Италиядаги элчихонаси ва Италиянинг “Global Action” ташкилоти билан ҳамкорликда “Diplomacy Education” дастури бу борадаги самарали ҳамкорлигимиз натижаси, десам янглишмайман. Ишонаманки, истиқболда Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва ҳамкор ташкилотлар билан ўқувчилар алмашинуви, чет эл таълим дастурлари доирасидаги ҳамкорлигимиз янада ривожланади, – деди Ҳ.Умарова.
– “Diplomacy Education” танлови иштирокчиларнинг дунёқарашини, таълимга бўлган иштиёқини янада кўпайтириш учун ажойиб имкониятдир. Дастур доирасида ўқувчилар Рим шаҳрида жойлашган халқаро ташкилотлар, Италия Ташқи ишлар вазирлиги фаолияти билан танишишга, кўплаб янги билимларни эгаллашга муваффақ бўлишади ва бу билимларни кейинчалик ўз тенгдошларига ҳам улашишади, – деди Ўзбекистоннинг Италиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Отабек Акбаров. – Уч босқичли танловда иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритган ўқувчиларни - интилувчан ёшларни самимий табриклайман. Умид қиламизки, уларнинг бу дастур доирасида ўрганган билимлари, тажрибалари кейинги фаолиятларида ҳам асқотади.
Маълумот ўрнида, мазкур танлов Президент таълим муассасалари агентлиги, Ўзбекистон Республикасининг Италиядаги элчихонаси ва Италиянинг “Global Action” ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этилган.
Файзулло Яҳёев,
ЎзА