Маҳаллабай ишлаш тизими мураккаб жараён бўлишига қарамасдан, унда ҳар бир инсоннинг дардини тинглаш, унинг қисматини тубдан ўзгартириш, жамият тараққиётини иқтисодий ўсишлар билангина эмас, балки аҳолининг ўз ҳаётидан мамнунлиги билан ўлчаш каби мезонлар мавжуд.
Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани ФҲДЁ бўлими ҳамда туман адлия бўлими ходимлари туманнинг олис манзиллардаги маҳалларда мобиль сайёр хизмати билан ташриф буюриб, одамларнинг давлат хизматларига бўлган эҳтиёжини қаноатлантирмоқда.
Туман марказидан 30 километр узоқликда жойлашган Тўқмор қишлоғида яшовчи фуқаро Жасур Бобоқулов 2008 йилда оила қуради. Тирикчилик мақсадида хорижга иш излаб кетган йигит қонуний никоҳдан ўтишга бефарқлик қилади. Шу тарзда йиллар кетидан йиллар ўтади. Хорижга бориб келиб ишлашда давом этади. Бу орада бирин – кетин фарзандлар дунёга келади. Лекин қонуний никоҳ ҳужжати йўқлиги боис болаларига гувоҳнома ололмайди.
Мактаб ёшига етган фарзандларига гувоҳнома керак бўлгандагина Чироқчи туман ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилади. Чироқчи туман ФҲДЁ бўлими томонидан керакли ҳужжатлар тайёрлангандан сўнг Жасур Бобоқулов ва Дилдора Қурбонованинг никоҳлари қонуний қайд этилиб, 4 нафар фарзандига туғилганлик гувоҳномаси сайёр тарзда етказилди.
Ўлмас Баротов, ЎзА