Давлат хизматлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ташаббуси билан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Қораўзак тумани Давлат хизматлари маркази ва туман ФҲДЁ бўлими томонидан амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан таништириш мақсадида пресс-тур ташкил этилди.
Таъкидланганидек, давлат хизматлари марказлари томонидан аҳолига ва тадбиркорлик субъектларига 2021 йил давомида 864 мингдан ортиқ давлат хизмати кўрсатилиб, 12855 тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатдан ўтказилди.
[gallery-6082]
Аҳолига янада қулайлик яратиш мақсадида олис ҳудудларга “Мобиль давлат хизматлари” йўлга қўйилди, шу давр мобайнида жами 58 мингдан ортиқ сайёр хизмат кўрсатилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 31 январдаги “Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида 2020 йилнинг сентябрь ойида Тўрткул туманидаги Ёнбошқалъа, Элликқалъа туманидаги Сарабий, Беруний туманидаги Абай овули ва Мўйноқ туманидаги Қозоқдарё овул фуқаролар йиғинлари ҳудудларида, 2021 йил апрель ойида Шуманой туманидаги Қарабайли маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда август ойида Амударё туманидаги Хитой овул фуқаролар йиғини ҳудудларида Давлат хизматлари марказларининг филиали ташкиллаштирилди.
Қўнғирот туманидаги “Жаслиқ” ҳамда “Қорақалпоғистон” шаҳарча фуқаролар йиғинларида Давлат хизматлари марказларининг филиаллари томонидан 26 мингдан ортиқ давлат хизмати кўрсатилди.
Бугунги кунга қадар Амударё, Беруний, Мўйноқ, Чимбой, Қонликўл, Қўнғирот, Тахтакўпир, Бўзатов, Шуманой, Қораўзак ва Хўжайли туманларидаги Давлат хизматлари марказларининг янги замонавий биноси фойдаланишга топширилди. Элликқалъа, Тўрткўл, Кегайли, Нукус ва Тахиатош туманлари биноларида қурилиш ишлари бошланиб, жорий йилнинг охирига қадар фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
Агентлик бошқармаси томонидан давлат хизматлари кўрсатувчи давлат органлари томонидан ўтган йил давомида қонунбузилиш ҳолати аниқланган. Ушбу ҳолатлар юзасидан давлат хизматларини кўрсатувчи ваколатли органларга 14 таклиф киритилиб, 124 нафар шахс огоҳлантирилди, ваколатли органларнинг 225 нафар мансабдор ва масъул ходимларига маъмурий ҳукуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилиб, 24 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилган.
2021 йил давомида ФҲДЁ органлари томонидан жами 40352 та туғилиш, 3966 та оталикни белгилаш, 482 та фарзандликка олиш, шу билан бирга, 15745 никоҳ ва 1485 никоҳдан ажралиш, 9625 ўлим ҳолати қайд қилинган.
Давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида ходимлар билан профилактик тадбирларнинг олиб борилишига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, 66 маротаба «Сирли мижоз» ва рейд тадбирлари ўтказилди.
Тадбир иштирокчилари Қораўзак тумани Давлат хизматлари маркази ва туман ФҲДЁ бўлими томонидан амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди ва ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА