Исломобод шаҳрида Ўзбекистон-Покистон бизнес-форуми бўлиб ўтди.
Тадбирда икки мамлакат ишбилармон доираларининг 150 га яқин вакили, шунингдек, асосий вазирлик, идора, тармоқ бирлашмалари ва савдо-саноат палаталари раҳбарлари иштирок этди.
Делегациялар раҳбарлари икки давлат ўртасида турли соҳа ва тармоқларда ҳамкорлик тобора кенгайиб бораётгани, шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон ва Покистон ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқани чуқурлаштириш долзарблигини таъкидладилар.
2021 йилда товар айирбошлаш миқдорини 50 фоиз кўпайтиришга эришилгани, жорий йилнинг икки ойи давомида эса ўзаро савдо ҳажми ўтган йилдан 70 фоиз ошгани маълум қилинди. Инвестициявий ҳамкорликдаги муваффақият ҳам алоҳида таъкидланди, жумладан, сўнгги беш йил ичида Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган Покистон капитали иштирокидаги корхоналар сони қарийб 6 баробар кўпайди.

Қўшма инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш ва ўзаро савдони жадаллаштиришни назарда тутган ҳолда, икки мамлакат ҳукуматларининг Ўзбекистон ва Покистон тадбиркорлари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйиш учун қулай шарт-шароит яратиш борасида фаол ҳамкорлик қилишга тайёрлиги таъкидланди. Қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, фармацевтика ва кимё саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш каби кўплаб соҳаларда шерикликни кенгайтириш борасида улкан салоҳият борлиги қайд этилди.
Форум давомида икки мамлакат вазирлик, идоралари, тармоқ бирлашмалари ва йирик компаниялари раҳбарлари томонидан тақдимот ўтказилиб, ҳамкорлик салоҳияти атрофлича очиб берилди, келгусида ўрганиш учун истиқболли лойиҳалар таклиф этилди. Ҳамкорликнинг амалий жиҳати ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизми муҳокама қилинди.
Тадбир якунида Ўзбекистон ва Покистон делегациялари раҳбарлари иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, мустаҳкам ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш, қўшма лойиҳа ва ташаббусларни амалга оширишда инвестор ва тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга содиқликларини билдирдилар.
Форум натижалари бўйича умумий қиймати 797 миллион долларлик савдо шартномалари ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича икки томонлама битимлар имзоланди.
ЎзА